Эркак сеп ва вазн можароси ортидан хотинини бўғиб ўлдирди

Ҳиндистоннинг Карнатака штатида сеп можароси ва оилавий зўравонлик фожиа билан якунланди. Маҳаллий ОАВлар маълум қилишича, эркак 29 ёшли рафиқасини сеп талаби ҳамда унинг ташқи кўриниши билан боғлиқ мунтазам ҳақоратлар ортидан бўғиб ўлдирган.
Қайд этилишича, марҳума Приянка Камалакар 2024 йилда Басавараж Ваддарга турмушга чиққан. Дастлаб эр-хотиннинг оилавий ҳаёти тинч кечган бўлса-да, вақт ўтиши билан улар ўртасидаги муносабатлар кескинлашиб борган.
Тергов маълумотларига кўра, Басавараж ва унинг қариндошлари Приянкадан ота-онасидан қўшимча пул ҳамда тилла тақинчоқлар олиб келишни талаб қилиб келган. Бу талаблар бажарилмагани учун аёлга нисбатан мунтазам равишда руҳий ва жисмоний босим ўтказилган.

Шунингдек, гумонланувчи рафиқасини вазни сабаб тез-тез камситиб, уни ортиқча семиз экани ва фарзанд кўра олмаслигини айтиб ҳақорат қилган. Манбаларга кўра, бу ҳолат эр-хотин ўртасида доимий келишмовчилик ва жанжалларга сабаб бўлган.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 29 июнь куни кечқурун Ханаси қишлоғидаги уйда навбатдаги оилавий можаро келиб чиққан. Терговнинг дастлабки маълумотларига кўра, жанжал вақтида Басавараж рафиқасини бўғиб ўлдирган. Шунингдек, у жиноят изларини яширишга уринган бўлиши мумкинлиги ҳам айтилмоқда.
Мазкур ҳолат юзасидан қасддан одам ўлдириш моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган. Полиция Басавараж Ваддар ҳамда унинг уч нафар қариндоши — Ренавва, Субҳаш ва Сиддарамешни ҳибсга олган.
Ҳозирда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ушбу ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.






























Изоҳлар 0
…