Қоя бағридаги сирли ғор ҳалигача олимларни ҳайратга солмоқда

Қоя бағридаги сирли ғор ҳалигача олимларни ҳайратга солмоқда

Уэльс соҳилларидаги қоялар бағрида жойлашган Калвер Ҳоул (Culver Hole) деб номланган сирли ғор асрлар давомида тарихчиларни ҳайратга солиб келмоқда. Бу жой ҳақида қароқчилар, контрабандачилар ва яширин йўлаклар тўғрисидаги афсоналар ҳанузгача халқ оғзаки ижодида яшаб келади. Бироқ мутахассислар бу иншоотни ким, қачон ва нима мақсадда барпо этгани ҳақида аниқ жавобга эга эмас.

Gower Unearthed ташкилоти раҳбари Ҳелен Николас мазкур ғорни илк бор олти ёшида отаси билан кўрганини эслайди. Қоялар орасида бурилишдан ўтгач, тош девор ва турли шаклдаги деразаларни кўриб, уни «қоя ичидаги қалъа» деб тасаввур қилганини айтади.

Кўпчилик иншоотни кабутархона деб ҳисоблайди. Чунки унинг ичида қушлар учун мос токчалар мавжуд. Бироқ Gower Society ва National Trust кўнгиллиси Рут Риж бу фикрга шубҳа билан қарайди.

«Агар бу шунчаки кабутархона бўлса, нега уни бундай етиб бориш қийин бўлган жойда қуришган? Ҳалигача уни ким ва нима мақсадда барпо этганини билмаймиз», — дейди у.

Ҳеленнинг сўзларига кўра, ғорга киришнинг ўзиёқ хавфли. Қуйида тўлқинлар урилган денгиз, нам ҳаво ва акс-садолар бу ерга янада сирли муҳит бағишлайди. Шу боис бу жойни кўрган инсон уни осонликча контрабандачилар яширинган маскан сифатида тасаввур қилиши мумкин.

Айрим ривоятларда машҳур контрабандачи Жон Лукас бу ғордан фойдалангани айтилади. У ҳатто баъзи манбаларда «қароқчи» сифатида ҳам тилга олинади. Бироқ бу даъволарни тасдиқловчи ишончли далиллар ҳозирча топилмаган.

Тадқиқотчиларнинг фикрича, иншоот XIII–XIV асрларга оид бўлиши мумкин. Шунингдек, қоя тепасида бир вақтлар қалъа бўлгани ҳақида ҳам ривоятлар мавжуд. Аммо археологик жиҳатдан буни исботловчи далиллар аниқланмаган.

Мутахассисларни ҳайратга солаётган яна бир жиҳат — иншоотнинг бугунгача яхши сақланиб қолганидир. Денгиз шамоли ва қаттиқ тўлқинлар таъсирига қарамай, ғишт деворлар ҳали ҳам мустаҳкам турибди. Деразаларнинг юқори қисмидаги безаклар ва пухта ишланган ғиштлар эса қурилишга алоҳида эътибор қаратилганини кўрсатади.

Шу боис олимлар бу иншоот фақат кабутархона вазифасини бажарганига тўлиқ ишонмайди. Уларга кўра, Калвер Ҳоул ҳанузгача жавоби топилмаган энг қизиқарли тарихий жумбоқлардан бири бўлиб қолмоқда.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар