Ўзбекистонда иш изловчилар кескин кўпайди: меҳнат бозори қизимоқда

Ўзбекистонда иш қидираётган фуқаролар сони сезиларли даражада ошди. Марказий банк маълумотига кўра, 2026 йилнинг биринчи чорагида фаол резюмелар сони 31,5 фоизга кўпайиб, 636 мингтага етган.
Қайд этилишича, иш изловчилар сонининг ортиши меҳнат бозоридаги рақобатни кучайтирган. Шу билан бирга, айрим йўналишларда ишчи кучига бўлган юқори талаб иш ҳақларининг ўсишига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Ҳисоботга кўра, янги иш ўринлари асосан хизмат кўрсатиш, савдо, молиявий ва суғурта, шунингдек, профессионал ва техник хизматлар соҳаларида яратилган. Қурилиш, умумий овқатланиш ва ишлаб чиқариш тармоқларида ҳам ходимларга эҳтиёж юқорилигича қолмоқда.
Жорий йилнинг биринчи чорагида эълон қилинган бўш иш ўринлари сони март ойида 15,4 мингтани ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9,8 фоизга ошган.
Марказий банк таҳлилига кўра, 2026 йилнинг дастлабки уч ойида ўртача номинал иш ҳақи 17,4 фоизга, реал иш ҳақи эса 9,5 фоизга ўсган. Энг юқори иш ҳақи ўсиши молиявий хизматлар, транспорт ва бошқа хизмат кўрсатиш соҳаларида қайд этилган.
Шунингдек, йил бошидан буён 1,63 миллион нафар Ўзбекистон фуқароси хорижга чиққан. Россияда меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар сони бироз камайган бўлса, Туркия ва Жанубий Корея меҳнат мигрантлари учун тобора оммабоп йўналишларга айланиб бормоқда.
Мутахассислар фикрича, иқтисодий фаолликнинг ортиши ва бизнеснинг кенгайиши меҳнат бозорида янги имкониятларни яратмоқда. Бироқ ишчи кучи таклифи ҳануз иш берувчилар талабидан тезроқ ўсаётгани сабабли бозордаги рақобат юқори даражада сақланиб қолмоқда.






























Изоҳлар 0
…