Исроил қамоқхонасидаги маҳбус сурати шов-шувга сабаб бўлди

Ижтимоий тармоқларда қўли, кўзи ва танаси боғланган ҳолда каравотга юзтубан ётқизилган ғазолик эркакнинг сурати кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Катта резонанс уйғотган ушбу сурат юзасидан Исроил армияси баёнот бериб, тасвир ҳақиқий эканини тасдиқлади ҳамда ҳолат бўйича ички суриштирув бошланганини маълум қилди.
Ҳарбийлар бундай муносабат армиянинг ички қоидалари ва қадриятларига мос келмаслигини билдирган. Бироқ улар суратдаги шахснинг кимлиги, қаерда сақланаётгани ёки воқеа тафсилотлари ҳақида қўшимча маълумот бермади. Маълум қилинишича, сурат дастлаб Instagram'да иброний тилидаги “Хайрли тонг” ёзуви билан эълон қилинган, орадан кўп ўтмай ушбу аккаунт ўчириб ташланган.
Орадан вақт ўтиб, ғазолик Абу Нассар суратдаги эркак унинг ўғли Усама эканини айтди. Унинг сўзларига кўра, ўғлини танасидаги чандиқлар ва шишлар орқали таниб олган.
Оила аъзоларининг маълум қилишича, Усама жорий йилнинг март ойида Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги сулҳ даврида “Сариқ чизиқ” яқинида 1,5 ёшли фарзанди билан бирга қўлга олинган. Кичик ёшдаги бола ўша куннинг ўзида озод этилган, бироқ яқинлари унинг оёқларида куйишга ўхшаш излар бўлганини иддао қилмоқда.

Исроил армияси эса бу айбловларни рад этди. Расмий баёнотда қайд этилишича, боланинг оёғидаги жароҳатлар сигарет туфайли эмас, балки Усамани тўхтатиш мақсадида отилган огоҳлантирувчи ўқлар оқибатида юзага келган бўлиши мумкин.































Изоҳлар 0
…