АҚШлик талаба ҳалок бўлган ЙТҲ бўйича ўзбекистонлик ҳайдовчига айблов қўйилди

АҚШнинг Огайо штатида 5 июль куни ўзбекистонлик ҳайдовчи иштирокида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси бир инсоннинг ўлими билан якунланди. Юк машинаси билан енгил автомобил тўқнашуви оқибатида Honda Accord ҳайдовчиси, 21 ёшли Тобиас Форсайт воқеа жойида ҳалок бўлди.
Маълум қилинишича, юк машинасини 42 ёшли Ўзбекистон фуқароси Беҳзод Асраров бошқарган. У 2024 йилда диверсификацион виза (Green Card) дастури орқали АҚШга келган. Асраров юк машинасини бошқариш учун зарур ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлган, бироқ инглиз тилини билмагани сабабли патрул ходимлари билан Google Translate орқали мулоқот қилган.
Ҳозирча Беҳзод Асраровга 21 ёшли йигитнинг ўлими бўйича айблов эълон қилинмаган. Бироқ у ашёвий далилларни яшириш ёки йўқ қилишга уриниш гумони билан тергов қилинмоқда.
Тергов материалларига кўра, полиция ходимлари Freightliner юк машинасини кўздан кечираётганда кабинада видеорегистратор ўрнатмаси мавжудлиги, аммо камеранинг ўзи жойида йўқлигини аниқлаган. Google Translate орқали мулоқотдан сўнг Асраров камерани ўнг чўнтагига солиб қўйганини кўрсатган.
Шундан кейин унга далилларни яшириш ёки йўқ қилишга уриниш бўйича айблов қўйилган. Шунингдек, унинг ёнидан учта мобил телефон ва электрон юк планшети ҳам топилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда ва кейинчалик унга нисбатан қўшимча айбловлар ҳам эълон қилиниши мумкин.
Ҳалок бўлган Тобиас Форсайт Массачусетс университетида дарвозабон бўлиб ишлагани маълум қилинди.
Ҳодисага муносабат билдирган АҚШ транспорт вазири Шон Даффи инглиз тилини тушунмайдиган ҳайдовчиларга мамлакатда оғир юк машиналарини бошқаришга рухсат берилмаслиги кераклигини таъкидлади.
«Биз йўл белгилари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари билан мулоқот қила олмайдиган ҳайдовчиларга Америка автомагистралларида 80 минг фунт (тахминан 36 тонна) вазндаги транспорт воситаларини бошқаришга рухсат бера олмаймиз», — деди вазир.
Унинг сўзларига кўра, келгусида хавфли ҳайдовчиларни йўллардан четлатиш бўйича қўшимча чоралар кўрилади.






























Изоҳлар 0
…