Олимлар Ерга ўхшаш сайёрада ҳаёт учун муҳим изни топди

Қуёш тизимидан ташқарида ҳаёт излашга қаратилган илмий тадқиқотлар яна бир муҳим натижа берди. Олимлар Ерга ўхшаш хусусиятларга эга, биздан 49 ёруғлик йили узоқликда жойлашган LHS 1140b экзосайёрасида атмосфера мавжудлигини илк бор тасдиқлади. Бу ҳақда The Guardian хабар берди.
Аввалроқ атмосфералар асосан газ гигантлари ва “суб-Нептун” туридаги экзосайёраларда аниқланган эди. Бироқ бу сафар олимлар яшаш учун қулай ҳудудда жойлашган тошсимон сайёрада атмосфера борлигини кузатувлар орқали биринчи марта исботлашга муваффақ бўлди.
Тадқиқотнинг биринчи муаллифи, Гарвард университетининг собиқ тадқиқотчиси доктор Коллин Черубимнинг таъкидлашича, бу нафақат яшаш учун қулай ҳудуддаги тошсимон сайёрада атмосфера мавжудлигининг илк тасдиғи, балки атмосфера таркибидаги модданинг биринчи бевосита аниқланиши ҳам ҳисобланади.
Олимнинг фикрича, ушбу натижа LHS 1140b ни Қуёш тизимидан ташқарида астробиология ва ҳаёт учун қулай муҳитни ўрганишдаги энг истиқболли объектлардан бирига айлантирди.
Маълум қилинишича, сайёранинг массаси Ерникидан 5,6 баробар катта, радиуси эса тахминан 70 фоизга кенг. У таркиби ва ҳарорати бўйича Ерга маълум даражада ўхшаса-да, доимо юлдузига бир томони билан қараб туради, сув захираси кўпроқ бўлиши ва атмосфераси Ерникидан сезиларли фарқ қилиши мумкин.
2017 йилда кашф этилган LHS 1140b Кит юлдуз туркумидаги кичик қизил митти юлдуз атрофида айланади. Черубимнинг таъкидлашича, ҳозирги маълумотлар сайёрада ҳаёт учун зарур бўлган асосий омиллар — тошсимон юза, суюқ сув мавжуд бўлиши мумкин бўлган ҳарорат ва атмосфера борлигини кўрсатмоқда. Атмосфера сувнинг космосга чиқиб кетишини чеклаб, юзани зарарли нурланишдан ҳам ҳимоя қилиши мумкин.
Тадқиқотчилар шу тизимдаги яна бир тошсимон сайёра — LHS 1140c да эса атмосфера изларини аниқлай олмаган.
Science журналида чоп этилган мақолага кўра, кузатувлар Чилидаги Лас-Кампанас обсерваториясида жойлашган Magellan Clay телескопи ёрдамида амалга оширилган. 2024 йилги кузатувларда сайёрадан чиқиб кетаётган гелий гази қайд этилган. Кейинги кузатувларда бу газ аниқланмаган бўлса-да, олимлар эҳтимолий хатолар ва сохта натижаларни қайта текшириб, илк хулосаларнинг ишончли эканини тасдиқлади.
Оксфорд университети профессори Жейн Биркби ҳам бу натижани муҳим кашфиёт деб баҳолади. Унинг фикрича, қизил митти юлдузлар атрофидаги тошсимон сайёраларда атмосфера сақланиб қолиши ҳаёт излаш бўйича янги имкониятларни очади ва келгусида бу каби сайёраларда ҳаёт мавжудлиги ҳақидаги саволларга янада яқинлашиш имконини беради.






























Изоҳлар 0
…