Wildberries омборларига дронлар зарбаси: қурбонлар ва ўнлаб ярадорлар бор

Wildberries омборларига дронлар зарбаси: қурбонлар ва ўнлаб ярадорлар бор

Россиянинг Тамбов ва Москва вилоятларида жойлашган Wildberries логистика марказлари дронлар ҳужумига учради. Ҳодиса оқибатида етти киши ҳалок бўлди, 40 дан ортиқ фуқаро турли даражада жароҳат олди.

Маълумотларга кўра, 18 июлга ўтар кечаси Тамбов вилоятининг Котовск шаҳридаги логистика марказига бир нечта дрон келиб урилган. Вилоят раҳбари Евгений Первишов билдиришича, ҳужум вақтида омборда тунги сменада меҳнат қилаётган етти нафар ходим ҳалок бўлган, яна 24 киши тан жароҳати олган.

Зарба оқибатида омбор ҳудудида йирик ёнғин келиб чиққан. Ёнғин-қутқарув хизматлари тезкор равишда воқеа жойига етиб бориб, алангани бартараф этган. Айни пайтда ҳудудда қутқарув ишлари ва зарарни баҳолаш жараёнлари давом этмоқда.

Wildberries матбуот хизмати ҳам Котовскдаги омбор билан бир қаторда Москва вилоятининг Электросталь шаҳридаги логистика маркази ҳам дронлар ҳужумига учраганини тасдиқлади.

Москва вилояти губернатори Андрей Воробёвнинг маълум қилишича, Электросталь шаҳридаги ҳужум натижасида яна 24 киши жабрланган. Улардан айримларининг аҳволи оғир экани айтилмоқда.

Шунингдек, ҳужумлар вақтида Ногинск шаҳридаги нефть базасида ҳам ёнғин чиққан. У ерда икки киши жароҳатланган. Хавфсизлик чораси сифатида яқин атрофда жойлашган туғуруқхона беморлари бошқа тиббиёт муассасаларига эвакуация қилинган.

Бундан ташқари, Владимир шаҳрида дрон кўп қаватли турар жойлардан бирига тушиб, хонадонда ёнғин келтириб чиқарган. Вилоят раҳбариятининг дастлабки маълумотига кўра, ушбу ҳодисада жабрланганлар қайд этилмаган.

Россия расмийлари мазкур ҳужумларни Украина дронлари амалга оширганини маълум қилди. Украина томони эса ҳозирча бу воқеа юзасидан расмий баёнот бермаган ва ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олмаган.

Сўнгги вақтларда Россия ҳудудларига дронлар орқали уюштирилаётган ҳужумлар сони ортиб бормоқда. Бу эса мамлакатнинг бир қатор стратегик объектларида хавфсизлик чораларини янада кучайтиришга сабаб бўлмоқда.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар