7,4 магнитудали зилзила Мексикани титратди, цунами хавфи эълон қилинди

Мексиканинг Тинч океани соҳилларига яқин ҳудудида 7,4 магнитудали кучли зилзила содир бўлди. Ер силкиниши ортидан цунами хавфи ҳақида расмий огоҳлантириш берилган бўлса-да, вазият баҳолангандан сўнг у бекор қилинди.
Маълумотларга кўра, зилзила 17 июль куни маҳаллий вақт билан соат 08:48 да Чьяпас штатидаги Пуэрто-Мадеро порти атрофида, Гватемала чегарасига яқин ҳудудда қайд этилди. Ер ости силкинишининг эпицентри аҳоли яшаш пунктидан тахминан 10 километр шимолда жойлашган.
Мексика Миллий сейсмология маркази асосий зилзиладан кейин 5,2 магнитудали такрорий ер силкиниши ҳам кузатилганини маълум қилди.
Ҳодисадан сўнг АҚШ Миллий океан ва атмосфера бошқармаси эпицентрдан 300 километргача бўлган қирғоқ ҳудудлари учун цунами хавфи ҳақида огоҳлантириш эълон қилди. Бироқ мутахассислар вазиятни қайта баҳолагандан сўнг тахминан бир соат ўтиб ушбу огоҳлантириш расман бекор қилинди.
Зилзиладан кейин Мексика ҳукумати қутқарув хизматлари, хавфсизлик кучлари ва фуқаро муҳофазаси бўлинмаларини ҳудудга сафарбар қилди. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳозирча ҳалок бўлганлар, жабрланганлар ёки йирик вайронагарчиликлар қайд этилмаган.
Мамлакат Ҳарбий-денгиз кучлари вазири Раймундо Педро Моралес Анхелес айрим қирғоқ ҳудудларида денгиз сатҳи ярим метргача кўтарилиши мумкинлигини билдириб, фуқароларни эҳтиёт чораси сифатида соҳиллардан вақтинча узоқроқ туришга чақирди.
Шу билан бирга, Чьяпас штатининг эпицентрга яқин айрим аҳоли пунктларида профилактик мақсадда эвакуация ишлари амалга оширилди. Расмийлар таъкидлашича, мамлакатнинг жануби-шарқий қисмида жиддий зарар ёки кенг кўламли фавқулодда ҳолатлар кузатилмаган.
Айни пайтда мутахассислар вазиятни доимий назорат қилиб, эҳтимолий такрорий силкинишлар бўйича мониторинг ишларини давом эттирмоқда.






























Изоҳлар 0
…