Бу сайёрада бир йил атиги 25 кун давом этади

Астрономлар Ердан тахминан 49 ёруғлик йили узоқликда жойлашган LHS 1140 b экзосайёраси ҳақида навбатдаги муҳим кашфиётни эълон қилди. Янги тадқиқотлар ушбу осмон жисмида атмосфера мавжуд бўлиши мумкинлигини янада кучлироқ тасдиқламоқда. Илмий иш натижалари Science журналида чоп этилди.
Тадқиқот давомида олимлар сайёрани ўз юлдузи олдидан ўтаётган вақтида кузатишди. Ана шу пайтда юлдуз нури атмосфера орқали ўтиб, ундаги газларнинг изларини аниқлаш имконини беради. Мутахассислар айнан шу усул ёрдамида атмосферада гелий мавжудлигини кўрсатувчи белгиларни қайд этишга муваффақ бўлишди.
Қизиғи шундаки, гелий сигнали 2024 йилги кузатувларда аниқланган бўлса, 2025 йилда у деярли кузатилмаган. Олимлар бу ҳолатни атмосферадан газ чиқиши доимий эмаслиги ёки юлдуз фаоллиги вақт-вақти билан ўзгариб туриши билан изоҳламоқда.
Мутахассислар фикрича, гелийнинг мавжудлиги сайёра атмосфераси миллиардлаб йиллар давомида сақланиб қолган бўлиши мумкинлигидан дарак беради. Улар юқори атмосферада асосан гелий, қуйи қатламларда эса азот, карбонат ангидрид ҳамда сув буғи каби оғирроқ газлар бўлиши эҳтимолини илгари сурмоқда. Бироқ бу моддалар ҳозирча тўғридан-тўғри тасдиқланган эмас.
LHS 1140 b ўз юлдузининг «ҳаёт учун мос ҳудуди»да жойлашган. Бу эса унинг юзасида маълум шароитларда сув суюқ ҳолатда сақланиши мумкинлигини англатади. Шу билан бирга, олимлар бундай жойлашувнинг ўзи сайёрада ҳаёт мавжудлигини англатмаслигини ҳам таъкидлашмоқда.
Аввалги тадқиқотларда ушбу экзосайёра газдан ташкил топган улкан жисм эмас, балки катта сув захираларига эга бўлиши мумкин бўлган тошли сайёра экани тахмин қилинган эди. Ҳисоб-китобларга кўра, унинг умумий массасининг 9–19 фоизини сув ташкил қилиши мумкин.
Олимларнинг яна бир тахминига кўра, LHS 1140 b ўз юлдузига доимо бир томони билан қараб туради. Шу сабабли бир қисмида узлуксиз кундуз, иккинчи қисмида эса доимий тун ҳукм суриши эҳтимол қилинмоқда.
Иқлим моделлари сайёранинг катта қисми муз билан қопланган бўлиши мумкинлигини кўрсатмоқда. Бироқ юлдузга қараган томонида суюқ океан сақланиб қолиши эҳтимоли юқори. Бу океан ташқи кўриниши жиҳатидан улкан кўз шаклини эслатиши мумкинлиги қайд этилган.
Айрим ҳисоб-китобларга кўра, океаннинг марказий қисмида ҳарорат Цельсий бўйича 20 даражагача кўтарилиши мумкин. Бундай муҳит атмосфера таркиби ва иссиқхона эффектига боғлиқ бўлиб, азот ҳамда карбонат ангидрид иссиқликни ушлаб қолиш орқали суюқ сувнинг мавжудлигига ёрдам бериши мумкин.
LHS 1140 b Ердан тахминан 1,7 баробар катта бўлиб, унинг массаси Ерникидан 5–6 марта юқори. Сайёра Қуёшга нисбатан кичик ва совуқроқ бўлган қизил митти юлдуз атрофида тахминан 25 кунда бир марта айланади.






























Изоҳлар 0
…