Польшанинг Плоцк шаҳрида камайиб бораётган тапир боласи биринчи марта оммага кўрсатилди

Польшадаги Плоцк ҳайвонот боғида ноёб чепрак тапир боласи туғилди. Бу мамлакат ҳайвонот боғлари учун биринчи шундай ҳолат сифатида қайд этилмоқда.
Тапир боласи 17 июнь куни дунёга келган. Бироқ маъмурият хабарни эълон қилишга шошилмаган, чунки ходимлар унинг дастлабки оғир даврдан соғ-саломат ўтиб олишини кутган. Орадан бир неча ҳафта ўтиб, болача онаси Крисса билан очиқ қафасга чиқарилди.
Чепрак тапир табиатда камайиб бораётган жониворлардан. Жануби-Шарқий Осиёда ёввойи ҳолда яшайдиган вояга етган тапирлар сони 2,5 мингтадан кам экани айтилмоқда.
Сўнгги бир йилда дунё ҳайвонот боғларида бор-йўғи 7 та шундай тапир боласи туғилган. Улардан 3 таси Европа ҳайвонот боғларида дунёга келган. Шу боис Плоцкдаги туғилиш халқаро селекция дастури учун муҳим натижа саналади.
Боланинг ота-онаси Нидерландиядаги икки турли ҳайвонот боғидан Плоцкка олиб келинган. Онаси 5 ёшда, отаси 3 ёшда. Ҳомиладорлик 13 ой 10 кун давом этган.
Янги туғилган тапир 10,5 килограмм вазнда бўлган. Ҳозир унинг вазни деярли 30 килограммга етган.































Изоҳлар 0
…