Марсда динозаврларни қириб юборган астероид миқёсидаги зарба излари топилди

NASAнинг Perseverance марсаходи Қизил сайёра тарихидаги энг муҳим кашфиётлардан бирини амалга оширди. Езеру кратери четидаги қадимий қояларни ўрганиш жараёнида олимлар Ер юзида динозаврларнинг қирилиб кетишига сабаб бўлган Чиксулуб астероиди зарбасига тенг келадиган ҳалокатли ҳодисалар изларини аниқладилар. Жоурнал оф Геопҳйсикал Ресеарч: Планец нашрида эълон қилинган тадқиқотга кўра, ушбу топилма Марснинг 3,9 миллиард йил аввалги хаотик ва вайронкор даврига янгича назар ташлаш имконини беради. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Марсаход томонидан ўрганилган ва "Брум-Поинт" (Броом Поинт) деб номланган 75 метр қалинликдаги қатламлар сайёра қобиғининг энг қадимий қисмларидан бири ҳисобланади. Калифорния технология институти лойиҳаси раҳбари ўринбосари Кен Фарли тушунтиришича, Ерда бундай қадимий геологик тарих плиталар тектоникаси туфайли бутунлай ўчиб кетган. Марсда эса бундай жараёнлар йўқлиги сабабли, Қуёш тизими шаклланган илк даврларнинг "геологик кундалиги" ўз ҳолича сақланиб қолган.
Коинотдан ёғилган эриган тошлар ёмғири
Perseverance қурилмалари ёрдамида ўтказилган таҳлиллар "Брум-Поинт" ҳудудида олти хил турдаги тоғ жинсларини аниқлади. Уларнинг орасида газ пуфакчалари билан тўйинган ва эриган ҳолатда бўлган тош парчалари ҳамда майда шишасимон шарчалар — сферулалар мавжуд. Олимларнинг таъкидлашича, бундай сферулалар астероид зарбаси натижасида тоғ жинсларининг лаҳзалик эриши ва сўнгра қотиши оқибатида юзага келади.Лондон империя коллежи тадқиқотчиси Алекс Жонснинг сўзларига кўра, ушбу қатламлар ўша даврда Марс осмонидан ёмғир ёки қор эмас, балки деярли узлуксиз равишда эриган тош парчалари ва чанг ёғганидан далолат беради. Топилган сферулаларнинг ўлчами Ерда динозаврларни йўқ қилган астероид зарбаси пайтида ҳосил бўлган зарралар билан бир хил миқёсга эга экани мутахассисларни ҳайратга солмоқда.
Икки карра ҳалокатли зарба
Ҳозирги вақтда ушбу геологик қатламлар деярли вертикал ҳолатда, яни 80 даражадан ортиқ бурчак остида жойлашган. Олимлар бу ҳолатни иккита кетма-кет юз берган улкан тўқнашув билан изоҳлашмоқда:- Дастлаб, кенглиги 1900 километр бўлган Исидис Басин ҳавзасини ҳосил қилган улкан астероид зарбаси сайёра қобиғини ағдариб юборган;
- Кейинчалик, кенглиги 45 километрлик Езеру кратерини яратган иккинчи астероид зарбаси бу қатламларни янада парчалаб, ҳозирги баландликка кўтарган.
Ушбу кашфиёт нафақат Марснинг ўтмишини, балки Қуёш тизимидаги барча сайёраларнинг шаклланиш босқичларини тушунишда янги саҳифа очади. Ҳозирча Perseverance ўз тадқиқотларини давом эттирмоқда ва сайёранинг бошқа қадимий ҳудудларини таҳлил қилишга тайёрланмоқда.






























Изоҳлар 0
…