Перуда кетма-кет зилзилалар юз берди, қурбонлар сони ошмоқда

Перунинг тоғли ҳудудида содир бўлган кетма-кет иккита кучли зилзила инсонлар ҳаётига зомин бўлди. Дастлабки маълумотларга кўра, табиий офат оқибатида камида 6 киши ҳалок бўлган, яна 21 нафар фуқаро турли даражада жароҳат олган. Бу ҳақда мамлакат Миллий фуқаро мудофааси институти маълум қилди.
Маълум қилинишича, ер силкинишлари 19 июль куни кечаси Хунин вилоятининг Чупака провинциясида, пойтахт Лимадан тахминан 300 километр шарқда қайд этилган.
Перу Миллий сейсмология маркази маълумотига кўра, биринчи зилзиланинг магнитудаси 5,1, иккинчисиники эса 3,7 ни ташкил этган. Ер ости силкинишлари мос равишда 24 ва 18 километр чуқурликда юз берган. Европа–Ўртаер денгизи сейсмология маркази эса биринчи зилзиланинг кучини 5,6 магнитуда деб баҳолаган.
Миллий фуқаро мудофааси институти раҳбари Луис Васкеснинг Exitosa радиостанциясига маълум қилишича, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 48 та уй бутунлай вайрон бўлган, яна 18 та хонадон жиддий шикастланган. Табиий офат тахминан 300 нафар аҳоли ҳаётига таъсир кўрсатган бўлиб, жабрланганлар учун вақтинчалик яшашга мўлжалланган чодирлар ўрнатилмоқда.
Қайд этилишича, Чупакадаги кўплаб уйлар хом ғиштдан қурилгани сабабли кучли ер силкинишларига дош бера олмаган.
Ҳозирда қутқарувчилар ва ёнғин хавфсизлиги хизматлари вайроналарни тозалаш ишларини давом эттирмоқда. Мутахассислар вайроналар остида яна одамлар қолган бўлиши мумкинлигини инкор этмаяпти.
Маълумот учун, Перу Тинч океанидаги «Олов ҳалқаси» деб аталувчи дунёдаги энг фаол сейсмик минтақалардан бирида жойлашган. Ер юзида қайд этиладиган зилзилаларнинг тахминан 85 фоизи айнан шу ҳудуд ҳиссасига тўғри келади.






























Изоҳлар 0
…