80 йиллик Учинчи рейх кемаси Дунай дарёсидан юзага чиқди

Сербияда Дунай дарёсида сув сатининг кескин пасайиши натижасида Иккинчи жаҳон уруши даврига оид Германия ҳарбий кемасининг қолдиқлари яна юзага чиқди. 1944 йил сентябрида “Дунай елфи” операцияси доирасида Учинчи рейх қўшинлари томонидан атайлаб чўктирилган бу кемалар бортида миналар ва портламай қолган снарядлар бўлиши еҳтимоли сабабли қутқарув ишлари юқори еҳтиёткорлик билан олиб борилмоқда.
Сербияда Дунай дарёсида сув сатҳининг кескин пасайиши натижасида Иккинчи жаҳон уруши даврига оид Германия ҳарбий кемасининг қолдиқлари яна юзага чиқди. Бу ҳақда The Telegraph нашри хабар берди.
Маълумотларга кўра, кема қолдиқлари Сербиянинг Прахово қишлоғи яқинидан аниқланган бўлиб, у Германиянинг Дунай флотилияси таркибига кирган ҳарбий кемалардан бири ҳисобланади. Иккинчи жаҳон уруши якунига яқин, совет армиясининг ҳужуми вақтида ушбу кема Учинчи рейх қўшинлари томонидан атайлаб сувга чўктирилган эди.
Тарихий маълумотларга кўра, немис қўшинлари кемани 1944 йил сентябрида амалга оширилган “Дунай элфи” операцияси доирасида ғарқ қилган. Ўша даврда жами 200 дан ортиқ кема ва баржа чўктирилган бўлиб, бу Дунайнинг мазкур қисмида уруш тугагунга қадар кема қатновининг тўлиқ тўхтаб қолишига сабаб бўлган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, Европада узоқ давом этган аномал иссиқ ҳаво ва кучли қурғоқчилик Дунай дарёсида сув сатҳининг рекорд даражада пасайишига олиб келган. Шу туфайли аввал сув остида бўлган тарихий ҳарбий кемалар яна кўрина бошлади. Апрель ойига келиб мутахассислар дарё тубидан еттита кемани олиб чиққан, саккизинчи кемани кўтариш ишлари эса тайёргарлик босқичида.
Қутқарув ишлари юқори эҳтиёткорлик билан олиб борилмоқда. Чунки кемалар бортида ҳали ҳам миналар ва портламай қолган снарядлар бўлиши эҳтимоли мавжуд. Шу сабабли уларни сувдан чиқаришдан олдин ғаввослар ва сапёрлар томонидан тўлиқ кўздан кечириш ишлари амалга оширилмоқда. Йирик кемалар эса бутун ҳолда эмас, балки қисмларга ажратилган тарзда сувдан чиқарилмоқда.

Дунай ўзанини тозалаш ва кема ҳаракатини хавфсизлаштириш мақсадида Европа Иттифоқи ҳам лойиҳани молиявий қўллаб-қувватламоқда. Хусусан, Еврокомиссия мазкур ишлар учун 16,5 миллион евро грант ажратган бўлса, Европа инвестиция банки яна қарийб 14 миллион евро маблағ йўналтирган. Биринчи босқичда мутахассислар жами 21 та чўккан кемани сувдан чиқаришни режалаштирган.
Бироқ ўлчами катта ва қаттиқ шикастланган айрим кемаларни тўлиқ кўтариш имкони йўқ. Шу боис уларнинг бир қисми хавфсиз ҳолатга келтирилгач, дарё тубининг чуқурроқ қисмига қайта кўмилиши мумкин.
Сербия расмийларининг ҳисоб-китобларига кўра, ушбу ҳудудда чўкиб ётган кемалар туфайли кема қатновининг чекланиши мамлакат иқтисодиётига ҳар йили 5 миллион евродан ортиқ зарар етказмоқда.
Шу билан бирга, Дунай дарёсида сув сатҳининг рекорд даражада пасайиши Венгрияга ҳам жиддий таъсир кўрсатган. Маълум қилинишича, дарёдаги сув миқдорининг камайиши сабаб мамлакатдаги ягона атом электр станцияси фаолиятини вақтинча тўхтатиш масаласи ҳам кўриб чиқилмоқда.






























Изоҳлар 0
…