Хитойда Mercedes-Benz автомобили биринчи қават четида осилиб қолди

Хитойнинг Хэбэй провинциясидаги Хандан шаҳрида жойлашган савдо марказида Mercedes-Benz намойиш автомобили билан боғлиқ ноодатий ҳодиса содир бўлди.
23 август куни савдо марказининг биринчи қаватида турган автомобиль кутилмаганда орқага ҳаракатланиб, эскалатор ва шиша панжарага урилиб кетган. Зарба оқибатида панжара ойнаси синган, автомобиль эса биринчи қават четига илиниб қолган. Унинг орқа ғилдиракларидан бири пастки қават устида осилиб турган.
Ҳодиса акс этган видеоларда автомобиль пастга тушиб кетишига оз қолгани кўринади. Агар эскалатор ва панжара уни ушлаб қолмаганида, машина савдо марказининг қуйи қаватига қулаб тушиши мумкин эди.
Синган шиша ва панжара қисмлари пастки қаватга тушиб, у ердаги музқаймоқ дўконига зарар етказган. Маҳаллий ОАВ хабарларига кўра, дўкон ходимларидан бирининг оёғи жароҳатланган ва у қўшимча тиббий кўрикдан ўтказилиши керак бўлган. Дўкон жиҳозларининг бир қисми ҳам шикастлангани сабабли савдо фаолияти вақтинча тўхтатилган.
Айни пайтда автомобиль нима сабабдан орқага ҳаракатлангани бўйича расмий хулоса берилмаган. Автомобиль Хандан шаҳридаги автомобиль дилерига тегишли намойиш автомобили бўлгани хабар қилинган. Савдо маркази ва тегишли идоралар ҳодиса сабабларини аниқлаш билан шуғулланган.
Савдо маркази маъмурияти кейинчалик зарарланган панжара таъмирлангани ва мажмуа одатдагидек ишлаётганини маълум қилган.






























Изоҳлар 0
…