Хитой бозорига зарба: АҚШ энергетикасида тақиқлар ва янги тартиб кучга кирди

Хитой бозорига зарба: АҚШ энергетикасида тақиқлар ва янги тартиб кучга кирди

АҚШ Президенти Дональд Трамп мамлакат энергетика инфратузилмасида миллий фавқулодда ҳолат (ЧС) режимини жорий этиш тўғрисидаги махсус фармонни имзолади. Мазкур ҳужжат АҚШ энергетика тизимига хориждан — хусусан Хитой ва бошқа «номақбул» давлатлардан ускуналар, эҳтиёт қисмлар ҳамда дастурий таъминот олиб киришни тўлиқ тақиқлаш ёки кескин чеклаш ҳуқуқини беради.

Оқ уй раҳбарининг таъкидлашича, хорижий кучлар АҚШнинг мудофаа тизими, тезкор қутқарув хизматлари ва иқтисодиётини таъминловчи электр тармоқларидаги заиф нуқталардан фойдаланиш хавфини тобора оширмоқда.

«Яширин рақамли туйнуклар»: Чекловларнинг асл сабаби нима?

Фармонда хорижий ускуналар миллий хавфсизлик учун тўғридан-тўғри кибертаҳдид туғдириши алоҳида қайд этилган:

«Айрим хорижий субъектлар АҚШ электр энергияси тизимидаги заифликларни тобора кўпроқ яратмоқда ва улардан фойдаланмоқда. Илгари амал қилган минимал чекловлар хорижий ташкилотларга ушбу тизимларга таъсир ўтказиш имконини берди.

Масалан, хорижда ишлаб чиқарилган ускуналарда бошқа давлатга масофадан туриб уланиш имконини берувчи яширин рақамли „бэкдорлар“ (backdoors) бўлиши мумкин. Бундан ташқари, хорижий таъминот занжирларига қарамлик халқаро савдодаги узилишлар пайтида АҚШни энергиясиз қолдириш хавфини туғдиради», — дейилади расмий ҳужжатда.

Қандай тақиқлар жорий этилди? 4 та асосий чеклов

Янги қарорга кўра, америкалик энергетика компаниялари учун қуйидаги қатъий талаблар кучга кирди:

  • Импорт ва ўрнатиш тақиқи: Хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган янги хорижий трансформаторлар, генераторлар, қуёш панеллари инверторлари ва тармоқни бошқариш тизимларини олиб кириш ҳамда ўрнатиш тўхтатилди;

  • Ишлаб турган техникани демонтаж қилиш: АҚШ Энергетика вазирлиги аллақачон ишлаб турган хорижий ускуналарда яширин рақамли заифликлар аниқланса, уларни мажбурий тарзда тармоқдан узиш, изоляция қилиш ёки бутунлай олиб ташлаш ҳуқуқини олди;

  • Дастурий таъминот блокадаси: Нафақат ускуналарнинг ўзи («темирлар»), балки хакерлар тармоқни бошқаришига йўл очиб бериши мумкин бўлган хорижий дастурий тизимлар (прошивкалар ва масофавий бошқарув тизимлари) ҳам тақиқланди;

  • Маҳаллий маҳсулотга устуворлик: Федерал харидлар қоидалари қайта кўриб чиқилиб, фақат АҚШ ичида ишлаб чиқарилган маҳаллий энергетика жиҳозларига устуворлик берилмоқда.

Хитой бозорига кучли зарба

Ҳужжат матнида тўғридан-тўғри Хитой номи келтирилмаган бўлса-да, асосий зарба айнан Пекинга қаратилгани яққол кўриниб турибди.

Бугунги кунда Хитой қайта тикланувчи энергетика ва электр тармоқлари учун зарур ускуналарнинг энг йирик глобал таъминотчиси ҳисобланади. Хусусан, дунё бўйича қуёш энергетикаси компонентларининг 85 фоизга яқини ва юқори қувватли трансформаторлар бозорининг улкан қисми Хитой компаниялари ҳиссасига тўғри келади. Трампнинг мазкур қарори глобал технологик қарама-қаршиликнинг янги босқичини бошлаб бериши мумкин.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар