Машғулот пайтида юраги тўхтаган 14 ёшли баскетболчи вафот этди

Россиялик 14 ёшли иқтидорли баскетболчи Арон Семернинов машғулот вақтида тўсатдан ҳушидан кетиб, юраги тўхташи оқибатида вафот этди.
Фожиали ҳодиса 25 август, сешанба куни содир бўлган. Эътиборли жиҳати, ушбу сана Ароннинг отаси — Россия U20 терма жамоаси бош мураббийи Роман Семерниновнинг 45 ёшга тўлган кунига ҳам тўғри келган.
Арон Семернинов ёшига қарамай, баскетболда катта истиқболга эга спортчилардан бири ҳисобланган. У аввал Краснодар шаҳридаги «Локомотив-Кубань» клубининг ёшлар академиясида тайёргарлик кўрган.
Жорий йил баҳорида эса у Москва вилоятига кўчиб ўтиб, Химки шаҳрида ташкил этилган янги ёшлар жамоаси сафига қўшилган. Фожиали воқеа айнан у шу жамоада машғулот ўтказаётган вақтда юз берган.
Ёш спортчи бу вақтгача ўз ёши учун анча яхши натижаларга эришиб улгурган эди. У U14 жамоаси билан Россия миллий чемпионатида бронза медалига сазовор бўлган. Шунингдек, Краснодар вилояти чемпионатида энг қимматли ўйинчи деб топилган.
«Локомотив-Кубань» академияси Арон ҳақида илиқ фикр билдириб, унинг 2023 йилда клуб тизимига қўшилганини маълум қилди.
«Арон 2023 йилда қизил-яшил клуб тизимига келиб қўшилди ва қисқа вақт ичида ишончли жамоадош ҳамда яхши дўстга айланди. Академияда у мураббийлар раҳбарлигида тайёргарлик кўриб, келажакдаги ғалабалар учун муҳим тажриба орттирди.
Орадан бир йил ўтиб, баскетболчи янги ташкил этилган “Loko-2012” жамоаси шарафини ҳимоя қила бошлади. Иқтидорли пойнт-гард ўз жамоасининг энг асосий ва умидли ўйинчиларидан бири бўлиб, миллий ҳамда минтақавий мусобақаларда мунтазам равишда очко ва самарадорлик кўрсаткичларида пешқадамлик қиларди», — дейилади академия баёнотида.
2026 йил ёзи Россия баскетболи учун ҳам оғир ва қайғули давр бўлди. 26 июнь куни VTB Ягона лигасининг фахрий президенти ва сўнгги ўттиз йил давомида Россия баскетболидаги энг нуфузли шахслардан бири Сергей Иванов вафот этди.
28 июль куни «Динамо Приморье» президенти ва бош мураббийи Эдуард Сандлер 44 ёшида ҳаётдан кўз юмди. 30 июль куни эса Олимпия чемпиони ва афсонавий баскетболчи Иван Едешко 81 ёшида вафот этди.
23 август куни 36 ёшли баскетбол агенти Сергей Индейкин ҳам тўсатдан юзага келган касалликдан сўнг оламдан ўтди.
Ароннинг отаси, шунингдек, «Химки» баскетбол клуби бош мураббийи Роман Семернинов ўғли билан боғлиқ мусибатдан кейин ижтимоий тармоқда юракни эзадиган сўзларни ёзди.
«Юрагим синди, энди сўзлар ҳам қолмади. Атрофни қоронғулик қоплади, ҳар бир сатр оғриқ билан тўлди. Сен менинг севимли, азиз ўғлимсан. Бундан кейин қандай яшашни тасаввур ҳам қила олмаяпман.
Сен абадий яшайсан. Сен бизнинг қаҳрамонимизсан. Уч ва баскетбол ўйна. Биз сени сўз билан ифодалаб бўлмайдиган даражада яхши кўрамиз ва сен тириклигингга ишонамиз — сен фақат жуда олисларга баскетбол ўйнаш учун учиб кетдинг», — деб ёзди у.
Марҳум Арон Семерниновдан ташқари онаси Елена ҳам қолди.






























Изоҳлар 0
…