Австралияда сувараклардан «киборг-қутқарувчилар» яратилди

Австралиялик олимлар вайроналар остида қолган одамларга ёрдам кўрсатиши мумкин бўлган киборг суваракларни ишлаб чиқди. «Paraborgs» деб аталган ушбу ҳашаротларга камера ва масофадан бошқариладиган миниатюра инъекция тизимлари ўрнатилган. Лойиҳа Квинсленд университети ва Янги Жанубий Уэльс университети тадқиқотчилари томонидан амалга оширилган. Бу ҳақда "Наука" хабар берди.
Тадқиқотчилар бунинг учун Австралиянинг шимолида учрайдиган улкан қазувчи суварак — Macropanesthia rhinoceros туридан фойдаланган. Ҳашаротларга ўрнатилган электродлар орқали уларнинг ҳаракатини масофадан бошқариш мумкин. Камера билан жиҳозланган суварак жабрланган одамни аниқлашга ёрдам берса, бошқаси унга дори етказиб бериш учун мўлжалланган.
Лабораториядаги дастлабки синовларда киборг сувараклар белгиланган нуқталарга етиб боришда 100 фоизлик натижа кўрсатган. Бироқ нишонга яқинлашиш, тўғри жойлашиш ва инъекция қилишни ўз ичига олган тўлиқ жараён фақат 72 фоиз ҳолатда муваффақиятли якунланган. Ҳашарот нишондан 15 сантиметргача масофада бўлганида эса инъекция муваффақияти 95 фоизгача етган.
Ҳозирча технология тажриба босқичида. Синовлар одамларда эмас, назорат қилинадиган лаборатория шароитида силикон нишонлар ва чўчқа терисида ўтказилган. Олимлар келажакда вайроналар, ғорлар ва қутқарувчилар етиб бориши қийин бўлган бошқа жойларда махсус киборг ҳашаротлар тўдасидан фойдаланишни режалаштирмоқда.































Изоҳлар 0
…