Дронлар остидаги тўй: фронт яқинида никоҳдан ўтган жуфтлик (фото)

Дронлар остидаги тўй: фронт яқинида никоҳдан ўтган жуфтлик (фото)

Украинанинг Россия билан уруши фронти яқинлашиб келаётган Краматорск шаҳрида 35 ёшли Тетяна ва Александр никоҳдан ўтди. Жуфтлик тўй маросимини шаҳар марказидаги Тинчлик майдонида, дронлар хавфи ва ҳарбий таҳдидлар кучайган бир шароитда ўтказди. Бу ҳақда «The Guardian» хабар берди.

Маросим 29 август — Украина Мустақиллик кунида бўлиб ўтган. Тўйдан уч кун олдин Краматорск расман жанговар ҳудуд таркибига киритилган эди. Шаҳарда бино-иншоотларнинг кўп қисми зарарланган, айрим кўчалар дронларга қарши тўрлар билан қопланган.

Oq kiyimdagi ayol harbiy libosdagi erkak bilan bino ichida turibdi.

«The Guardian» маълумотига кўра, тўйдан олдинги бир неча кун ичида Краматорскда 51 та ўққа тутиш ҳолати қайд этилган ва олти киши ҳалок бўлган.

Шундай хавфли вазиятга қарамай, Тетяна ва Александр никоҳни айнан Краматорскда ўтказишга қарор қилган. Александр бу қарорни Донецк вилояти ва унинг хотираларини асраб қолиш истаги билан изоҳлаган.

Тетяна фронтда кўнгилли ҳарбий тиббиёт ходими сифатида хизмат қилади. Унинг тиббий эвакуация гуруҳи тўйдан бир неча кун олдин Киевга қайта жўнатилган бўлса-да, у маросимда иштирок этиш учун шарқий Украинага қайтиб келган. Александр эса армия капитани ҳисобланади.

Harbiy kiyimdagi erkak oq ko'ylakdagi ayolni qo'lida ko'tarib turibdi.

Жуфтлик шу йил февраль ойида танишган. Тетяна Александрга интернет орқали мурожаат қилиб, унга тиббий ёрдам кўрсатишни таклиф қилган.

Никоҳни расмийлаштириш маросими видеоқўнғироқ орқали онлайн тарзда ўтказилган. Украинада уруш шароитида жисмонан бир жойга тўплана олмайдиган жуфтликлар учун онлайн никоҳ хизмати 2024 йилда жорий этилган.

Тетяна ва Александр никоҳ узукларини тақиб, қасамёд қилди ва бир-бирини ўпди. Маросимдан сўнг улар шаҳарда очиқ бўлган кам сонли муассасалардан бири — қаҳвахонага бориб, тўй тортини тановул қилган.

Harbiy kiyimdagi erkak va oq ko'ylakli ayol bir-birining qo'lidan tutib turibdi.

Тўй пайтида шаҳар устида дрон пайдо бўлгани ҳақида хабар тарқалиб, қисқа вақтга хавотирли вазият юзага келган. Шунга қарамай, жуфтлик маросимни давом эттирган.

Қизиғи, Тетяна ва Александрнинг ёши Украина мустақиллиги ёшига тенг — ҳар иккиси ҳам 35 ёшда. Улар урушга қарамай, келажак қуриш ва фарзандли бўлишни режалаштирмоқда.

Harbiy kiyimdagi erkak va oq koʻylakdagi ayol bino oldida qoʻl ushlab turibdi.
Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар