360 тонналик қалъа минорасини 1800 киши қўлда сурди

360 тонналик қалъа минорасини 1800 киши қўлда сурди

Япониянинг Аомори префектурасидаги Хиросаки шаҳрида қарийб 1800 киши 360 тонна оғирликдаги Хиросаки қалъаси минорасини арқонлар ёрдамида 2,22 метр масофага сурди.

Тарихий иншоотни кўчириш ишлари 22–23 август кунлари ўтказилди. Иштирокчилар тахминан 80 кишилик гуруҳларга бўлиниб, узунлиги 30 метр бўлган арқонларни навбат билан тортди. Биринчи куни минора 1,13 метр, иккинчи куни эса яна 1,09 метр силжитилди.

Минора 2015 йилда унинг остидаги тош деворни таъмирлаш учун дастлабки жойидан қарийб 70 метр узоқликка кўчирилган эди. Тош деворни қайта тиклаш ишлари 2024 йилда якунланган. Таъмирлаш жараёнида 2185 та тош қайта ўз ўрнига жойлаштирилган.

Минора «хикия» деб аталадиган анъанавий япон усули орқали кўчирилмоқда. Бунда бино бузиб ташланмайди — махсус релс ва роликлар ёрдамида яхлит ҳолда аста-секин силжитилади. Хиросаки қалъасини ўз жойига қайтариш лойиҳаси тахминан 78 метрни ташкил этади. Қўлда бажариладиган рамзий кўчириш жараёнида жами 4100 га яқин киши қатнашиши режалаштирилган. Қолган масофа эса махсус техника ёрдамида босиб ўтилади.

Odamlar guruhi an'anaviy yapon binosi oldida yo'g'on arqonni tortishmoqda.

Хиросаки қалъасининг ҳозирги уч қаватли минораси 1810 йилда қайта қурилган бўлиб, Японияда сақланиб қолган асл қалъа минораларидан бири ҳисобланади. Уни тўлиқ қайта тиклаш ишлари 2032 йилгача давом этиши, шундан сўнг қалъа ҳудуди яна ташриф буюрувчилар учун очилиши кутилмоқда.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар