АҚШда 275 руҳоний 944 нафар болага зўравонлик қилган

АҚШнинг Массачусетс штатидаги учта католик епархиясида 275 нафар руҳоний 944 нафар болага жинсий зўравонлик қилгани аниқланди. Бу ҳақда штат Бош прокуратураси ўтказган текширув ҳисоботида маълум қилинди.
Тергов Фолл-Ривер, Спрингфилд ва Вустер епархияларини қамраб олган. Ҳисоботдаги ҳолатларнинг аксарияти 2002 йилгача содир бўлган.
Бош прокурор Андреа Жой Кемпбеллнинг айтишича, епархиялар раҳбарияти руҳонийлар томонидан болаларга нисбатан зўравонлик содир этилганидан йиллар давомида хабардор бўлган. Айрим ҳолатларда черков обрўсини сақлаш болалар хавфсизлигидан устун қўйилгани таъкидланган.
Текширув 2019 йилда бошланган. Тергов давомида прокуратура ишлар бўйича маҳаллий прокурорларга уч марта мурожаат қилган ва улардан бири Вустер епархиясида айблов қўзғатилишига олиб келган. Қолган айрим ҳолатлар бўйича эса даъво муддати ўтиб кетгани ёки ўша пайтда қилмиш жиноят ҳисобланмагани сабабли жиноий таъқиб бошланмаган.
Уч епархия раҳбарлари жабрланганлардан узр сўраб, болалар хавфсизлигини кучайтириш ва мавжуд тартибларни такомиллаштириш бўйича чоралар кўрилаётганини билдирган.
Бош прокурор эса болаликдаги жинсий зўравонлик қурбонларига фуқаролик даъволари киритиш имконини кенгайтириш учун қонунчиликка ўзгартишлар киритишга чақирган.






























Изоҳлар 0
…