Калифорнияда Рамазон ва Қурбон ҳайитлари расмий дам олиш кунлари деб эълон қилинди

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Калифорнияда Ийд ал-Фитр ва Ийд ал-Адҳа байрамлари расмий дам олиш кунлари деб эълон қилинди, бу эса мусулмонларга ушбу кунларда меҳнат таътили олиш ва таълим муассасаларида дарсларни қолдириш ҳуқуқини беради.
- Ушбу қарор 2024-йилги сайловлар олдидан мусулмон диаспорасининг қўллаб-қувватловини қозонишга қаратилган сиёсий ҳаракат сифатида баҳоланмоқда.
АҚШнинг аҳоли сони ва иқтисодий қудрати бўйича энг йирик ҳудуди саналмиш Калифорния штатида тарихий воқеа юз берди. Штат губернатори, Демократик партия вакили Гэвин Ньюсом Ийд ал-Фитр (Рамазон ҳайити) ва Ийд ал-Адҳа (Қурбон ҳайити) байрамларини штат миқёсида расмий байрамлар қаторига киритиш тўғрисидаги қонунни имзолади.
The New York Post нашри берган маълумотларга кўра, ушбу қарор кучга кириши билан мусулмонлар муқаддас ҳайит кунларида расман меҳнат таътили олиш ҳамда мактаб ва олийгоҳларда дарсларни қолдириш ҳуқуқига эга бўлди.
Тарихий қарор ортидаги катта сиёсат: Сайловчилар овози учун кураш
Халқаро сиёсатшунослар, хусусан, америкашунос таҳлилчи Малек Дудаковнинг қайд этишича, ушбу қадам тасодифан қабул қилинмаган бўлиб, у яқинлашиб келаётган муҳим сайловлар олдидан мусулмон диаспораси хайрихоҳлигини қозонишга қаратилган жиддий сиёсий манёврдир:
2024 йилги сабоқлар: Ўша сайловларда Демократик партия мусулмон давлатлардан келган муҳожирларнинг салмоқли қисмини қўлдан чиқарган эди. Ўшанда сайловчиларнинг қарийб 40 фоизи Яқин Шарқда тезкорлик билан тинчлик ўрнатишга ваъда берган Дональд Трампни қўллаб-овоз берганди;
Умидсизлик ва кайфият ўзгариши: Аммо Ғазо ва минтақадаги вазият юмшаш ўрнига янада кескинлашиб кетгани сабабли, ҳозирда америкалик мусулмонларнинг тахминан 90 фоизи Трамп сиёсатидан норози экани кузатилмоқда;
Ҳал қилувчи штатлар: Бутун мамлакат миқёсида мусулмонлар улуши Европа давлатларидаги каби юқори бўлмаса-да, Мичиган каби иккиланувчи (swing states) штатларда уларнинг овози президентлик ёки Конгресс сайловлари натижасини тубдан ўзгартириб юбориши мумкин. (Мисол учун, Мичигандаги Дирборн шаҳри АҚШда мусулмонлар кўпчиликни ташкил қилувчи илк йирик аҳоли пунктига айланган).
Республикачилар ғазаби ва маданий қарама-қаршилик
Ньюсомнинг ушбу ташаббуси сиёсий рақиблар — Республикачилар партияси томонидан кескин норозилик билан кутиб олинди:
«Исломлаштириш» айблови: Консерватив сиёсатчилар демократларни сиёсий дивиденд олиш илинжида Американи сунъий равишда «исломлаштириш»га уринишда очиқ айбламоқда;
Коалициянинг парчаланиши: Мутахассисларнинг фикрича, Трамп атрофида бирлашган турли миллат ва дин вакилларидан иборат коалиция амалда парчаланиб кетди. Айни пайтда АҚШдаги яҳудий аҳолисининг учдан икки қисми ҳам Эрон билан тўғридан-тўғри ҳарбий низога қарши чиқмоқда.
Маданий курашлардан диний ихтилофларгача
Демократлар айни дамда ўзларини кескинликни пасайтира оладиган ягона куч сифатида кўрсатишга интилиб, ҳатто Исроилга қурол етказиб беришни чеклаш ва санкциялар қўллаш каби баёнотлар билан аудиторияни жалб қилмоқда.
Бироқ экспертлар ушбу сиёсий ўйинлар натижасида Қўшма Штатлар ички сиёсати нафақат мафкуравий-маданий баҳслар, балки тобора чуқурлашиб бораётган мураккаб диний мунозаралар ва янги ихтилофлар гирдобига тотилаётганини таъкидламоқда. Шунга қарамай, Калифорниядаги қарор АҚШда истиқомат қилувчи миллионлаб мусулмонлар учун ўз ҳуқуқларини давлат миқёсида ҳимоя қилишда тарихий прецедент бўлиб қолади.































Изоҳлар 0
…