Янги Зеландияда ташқи кўриниши билан эътиборни тортган ғайриоддий олма топилди

Янги Зеландиянинг Чристчурч шаҳрида ташқи кўриниши билан эътиборни тортган ғайриоддий олма топилди. Меванинг бир томони қизил, иккинчи томони эса сариқ рангда бўлиб, гўё икки хил рангга атайлаб бўялгандек кўринади.
Ноёб олма шаҳарнинг Маиреҳау ҳудудида жойлашган “Sunshine Corner Market” дўконига келтирилган “Red Braeburn” навли мевалар орасидан чиқди. Унинг пўстидаги ранглар деярли аниқ чегара билан ажралиб тургани харидорларни ҳайратга солган.
Мутахассислар бундай ноодатий меваларни “химера олма” деб аташади. Бу ҳодиса мева таркибида генетик хусусиятлари турлича бўлган ҳужайралар мавжудлиги билан изоҳланади. Хабарларда бундай олмаларнинг ниҳоятда кам учраши, ҳатто миллионта мева орасидан биттасини топиш ҳам мушкул экани таъкидланган.
Дўкон эгасининг айтишича, у узоқ йиллардан буён мева савдоси билан шуғулланса-да, шу пайтгача бундай олмага дуч келмаган. Унинг ноодатий кўриниши харидорларда катта қизиқиш уйғотган: айримлар суратга тушираётган бўлса, бошқалар уни ўз кўзи билан кўриш учун оила аъзоларини ҳам олиб келмоқда.
Ҳозирда олма янгилигини сақлаш мақсадида совиткичга жойлаштирилган. Дўкон маъмурияти уни ноёб ҳолатда сақлаб қолиш ёки ички қисми ҳам икки хил рангда эканини аниқлаш учун кесиб кўриш борасида ҳали якуний қарорга келмаган.































Изоҳлар 0
…