08:58 / 05.10.2018
10 020

Яманлик қизни 9 ёшида турмушга беришган, 10 ёшида эри билан ажрашишга ҳам улгурган

Яманлик қизни 9 ёшида турмушга беришган, 10 ёшида эри билан ажрашишга ҳам улгурган
ЭР — ҲАҚОРАТ, ЭР — БАЛО

Қиз ҳали болалигиданоқ турмушнинг аччиқ-чучугини, хиёнатни, зўравонликни, ҳақоратлар таъмини тотиб кўришга улгурган. Ўзининг аянчли ҳаёти ҳақида мемуар ёзди. Тушган маблағнинг бир қисмини отасининг ҳисоб-рақамига ўтказди. Отаси бу пулларни сақлаб қўйса, тез орада мактабдаги ўқишини давом эттиришга умид боғлади. Отаси уйга кириб келганда, Нужудни ҳайдаб солди. Пулларни эса ўзига учинчи хотин олиш мақсадларига сарфлаб юборди…

Шўрлик қиз маълумот ололмай қолиб кетди. Оқибатда 16 ёшга киргач, исмини ўзгартирди-ю, бошқатдан оила қурди.

Нужуд Али 1998 йили Яман республикасида таваллуд топган. 9 ёшида ота-онаси уни 30 яшар эркакка турмушга берди. Буни тушунса бўларди. Чунки бу мамлакатда қизлар ҳали балоғат ёшига етмай узатилади.

Нужудга уйланган эркакнинг шундоқ ҳам икки хотини, 16 нафар фарзанди бор эди. Одатга кўра, у Нужудни то балоғат ёшига етгунча тўшакка тортмаслиги, аксинча ўз фарзандидек авайлаши лозим эди. Аммо эркак кутиб ўтиришни хоҳламади. Уйланганданоқ Нужудни калтаклашга ўтди. Зўрлаш йўли билан нафсини қондира бошлади.

ҚОЧҚИНДА

Орадан икки ой ўтгач, Нужуд ниҳоят ваҳший эрнинг уйидан қочишга эришди. Уйига келгач, отасининг иккинчи хотини, яъни, ўгай онасининг маслаҳати билан судга мурожаат этиб, эридан маънавий зарар етказгани учун 200 доллар миқдорида товон пули талаб қилди. Суд Нужуднинг талабини қондирди.

ЯМАННИНГ ИЛК АЁЛ АДВОКАТИ

Энди у эри билан қонуний ажрашиши лозим эди. Ундирилган товон пули эвазига адвокат ёллади. Адвокат Шада Нассер бўлиб, Яман республикаси тарихида биринчи аёл адвокат ҳисобланади. Олий маълумотга Чехияда эга бўлган. Ўқишни тугатгандан кейин ватанига қайтиб, 1996 йили уч ҳамкасби билан бирга юридик фирма ташкил этди. Бу фирма асосан мамлакатдаги аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга асосланганди. Айнан унинг ёрдами билан Нужуд Яманда ҳали вояга етмай турмушга чиқиб ажрашган илк аёлга айланди. 2008 йили Нассер ва Нужуд «Glamour» журнали тарафидан йил аёли сифатида эътироф этилди.

«НЕГА МЕНИ ЭРТА ЭРГА БЕРАСИЗ?..»

Яманда қизларнинг бу қадар эрта турмушга узатилишига асосан қашшоқлик сабаб бўлади. Чунки бу мамлакатда соғлом эркак йилига атиги 900 доллар даромад кўради. Бу пулга оила тугул ўзини ҳам боқа олмайди. Шунинг учун қизларни оталар иложи борича эрта турмушга узатиб юборади. Бир нонхўр камайса бўлди деб ҳисоблайди. Келажак, қизнинг эртаси, ёш умри хазон бўлиши ота-оналарни умуман қизиқтирмайди.

Иккинчи сабаб шуки, қизларни Яманда ҳали гўдаклигидаёқ кўзи оч ва иймонсиз эркаклар зўрлайди, номусини поймол қилади. Ота-оналар ана шундан ҳам қўрқиб қизини жуда эрта турмушга беради. Шу йўл билан оила шаънини пок ҳолда сақлаб қолишга уринади.

БОЛАЛИГИНИ БОЙ БЕРГАН ҚИЗ ҲАҚИДА КИТОБ

2009 йили Нужуднинг «Менинг ёшим 10 да. Аммо мен эр билан ажрашишга улгурдим» деб номланган китоби нашрдан чиқди. Китоб адвокат Шада Нассер ҳамда франциялик журналист аёл Дельфин Минуа иштирокида ёзилди. Китобдан тушган пулнинг бир қисмини мактабдаги ўқиши учун тўлашига умид боғлаб отасининг ҳисобига ўтказди. Бу орада Нужуд 9 ёшда турмуш кўрган қиз сифатида Америкада ҳам машҳур бўлиб кетганди. Шу мамлакатга бориб, ҳатто Хиллари Клинтон хоним билан учрашишга ҳам мушарраф бўлди. Шу ерда «Glamour» журналининг махсус мукофтига эга бўлди.

КЎПГА КЕЛГАН ТЎЙ

Агар Нужуднинг оилавий ҳаётига яхшилаб разм солсак, аламли лаҳзалар кўплигига гувоҳ бўламиз. У қалбини абадул-абад тирнаб ўтгувчи энг кучли алам сифатида отасининг нотўғри тутган ишларини тилга олади. Ҳақиқатан, 2013 йили Нужуд ўтказган пулларни отаси учинчи хотинга уйланиш мақсадларига сарфлаб юборди. Қизини эса ҳовлига кириб келгандаёқ ҳайдаб солди. Бундан ташқари, золим ота Нужуднинг синглиси Хайфани ҳам моддий аҳволини яхшилаб олиш ниятида жуда эрта турмушга узатиб юборган. Бу ҳам Нужуднинг бағрини ўртайверади. Яна Нужуд отанинг айби билан мактабдаги ўқишини давом эттиришдан маҳрум бўлган.

— Нужуднинг яқинлари шафқатсиз ва пасткаш экан, — деганди адвокат Шада Нассер. — Қизи топган пулларнинг ҳаммасини ўз муаммоларини бартараф этиш учун ишлатиб бўлган…

Ҳозир Нужуд 20 ёшни қаршилади. Исмини ўзгартирган. Энди у Нужуд эмас, Ножум. 2014 йили қайта турмушга чиқибди. Икки қизли бўлибди. Шўрлик бир неча йил олдин сил касалига мубтало бўлганди. Яман республикасидаги ҳали-вери охири кўринмаётган совуқ уруш туфайли врачлар унга ёрдам бера олишмади. Ножум даволаниш учун Саудия Арабистонига боришга мажбур бўлди.

Ҳозир не иш билан бандлиги маълум эмас.

Манба: Hordiq.uz

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Яманлик қизни 9 ёшида турмушга беришган, 10 ёшида эри билан ажрашишга ҳам улгурган