Путин Нурмагомедовлар билан учрашди

  • 11-10-2018, 10:22
  • 1 214
  • Дунё
  • Путин Нурмагомедовлар билан учрашди
    Россия президенти Владимир Путин Ульяновскда «Россия — спортивная держава» форуми доирасида UFC жангчиси Хабиб Нурмагомедов ҳамда унинг отаси Абдулманноп Нурмагомедов билан учрашди.

    Путин Хабибни ва унинг отасини ирландиялик Конор Макгрегор устидан қозонилган ғалаба билан табриклаган.

    Россия президенти Хабиб Нурмагомедов «асосий вазифани бажаргани», буни «ишончли ва муносиб» тарзда уддалаганини айтиб, спортчининг отасидан ўғлини жангдан кейин муштлашув келтириб чиқаргани учун қаттиқ жазоламасликни сўраган. Бу орқали у Абдулманноп Нурмагомедов Лас-Вегасдаги жангдан кейин жанжал келтириб чиқарган ўғлини жазоламоқчилигини айтганига ишора қилган.

    Нурмагомедов Путин билан суҳбатда UFC бўйича рақиблари «нафақат сакрашини, балки, жангини ҳам қадрлашлари»га умид қилишини билдирган. Хабиб баъзи лаҳзаларда ўзини назорат қила олмай қолгани, бунга жанг вақтида унга қарши бир неча марта провокация қилингани сабаб бўлганини айтиб ўтган.

    Россия президенти бу қасддан қилингани ҳақида гапирган.

    «Улар атайлаб шундай қилишган, бундан мақсад сени издан чиқариш ва устунликни қўлга киритиш бўлган. Аммо мамлакат ичкарисида ҳаддан ошмаслик, сакрашлардан сақланиш керак. Биз — катта оиламиз. Оилада ҳар нарса бўлиши мумкин, аммо ташқаридан ҳужум бўлса, фақат сен эмас, биз барчамиз шундай сакрай оламиз, биз ҳам паст кетмаймиз ва кўрсатиб қўямиз», деган Путин.

    Шу билан биргаликда, Путин икки спортчи ярашиб олишига умид билдирган.

    Эслатиб ўтамиз, 7 октябрь куни Лас-Вегасдаги UFC 229 турнирида енгил вазндаги чемпион Хабиб Нурмагомедов икки йўналиш бўйича собиқ чемпион бўлмиш Конор Макгрегорга қарши ҳимоя жанги ўтказди ва тўртинчи раундда рақибни бўғиш усулида ушлаб, ғалаба қозонди. Жанг тугагач, Хабиб Нурмагомедов октагондан ташқарига чиқиб, рақиби тарафдорлари билан жанжаллашди. Бу вақтда эса Хабибнинг тарафдорлари октагон ичига кириб, Конорга ҳужум уюштирди. Вазиятга полиция аралашиб, жанжални бартараф этди.

    Спорт қоидаларини бузгани учун Хабиб Нурмагомедовнинг 2 миллион долларлик гонорари музлатиб қўйилди. Шунингдек, у жарима тўлаши, узоқ муддатга дисквалификация қилиниши ва совриндан маҳрум қилиниши мумкин.

    » » Путин Нурмагомедовлар билан учрашди