Зеленскийга «биринчи зарба»: Путин ДХР ва ЛХРда яшовчиларга Россия паспорти беришни соддалаштирди

  • 24 апрель 2019, 20:33
  • 1 227
  • Дунё
  • Зеленскийга «биринчи зарба»: Путин ДХР ва ЛХРда яшовчиларга Россия паспорти беришни соддалаштирди
    Россия президенти Владимир Путин Украина шарқидаги тан олинмаган «Донецк халқ республикаси» ва тан олинмаган «Луганск халқ республикаси» ҳудудида истиқомат қилувчиларга Россия фуқаролигини бериш жараёнини соддалаштириш тўғрисидаги фармонини имзолади.
    Ҳужжат 24 апрель кунидан кучга киради. Бу фармон Донецк ва Луганск областларида доимий рўйхатдан ўтиб яшовчилар учун тааллуқли.

    Бундан аввалроқ, ОАВда Кремлдагилар ДХР ва ЛХР ҳудудларида яшовчи аҳолига паспортлар тарқатишга тайёрланаётгани тўғрисида хабарлар тарқалганди.

    Апрель ойи ўрталарида бундай ҳужжат аллақачон тайёрлиги ва президент имзосини кутаётгани тўғрисида маълум қилинганди. Ҳужжат матни Украинадаги президентлик сайловларининг иккинчи туридан кейин эълон қилиниши кутилаётганди.

    Ўтган якшанба куни Украинада президентлик сайловларининг иккинчи тури ўтказилди ва унда амалдаги президент Петро Порошенко Владимир Зеленскийга ютқазди, у яқин вақтлар ичида ваколатларини топширади.

    Путин фармонида Луганск ва Донецкнинг алоҳида ҳудудларида яшовчиларидан Россия фуқаролигига қабул қилиш бўйича йўлланган мурожаатлар 3 ойдан кўп бўлмаган муддат ичида кўриб чиқилиши белгиланган.

    2019 йил мартида Россияда «Фуқаролик ҳақида» қонунига ўзгартиришлар киритилганди. Унга кўра, президент Россия паспортини соддалаштирилган тартибда олиши мумкин бўлган хорижликлар ва фуқаролиги йўқ шахсларнинг тоифаларини белгилаш ҳуқуқига эга бўлганди.

    Соддалаштирилган тартибга кўра, Россия паспортини турли мажбуриятлар ва имтиҳонларсиз бериш назарда тутилади, бу ҳолатда мурожаатчига Россия ҳудудида камида 5 йил яшаганлик талаби қўйилмайди. Бундай тартибда паспорт олиш учун ариза ва шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этишнинг ўзи кифоя қилади.

    Бундан олдинроқ «Коммерсант» Россиянинг ЛХР ва ДХР билан чегарадош ҳудудларида «фуқароларни қабул қилиш учун барча зарур инфратузилмалар муҳайё қилингани» тўғрисида хабар тарқатганди.

    Владимир Путин 2017 йилда Россия Донбассдаги ўз-ўзини бошқарувчи республикалар томонидан қабул қилинган ҳужжатлар тан олиниши ҳақидаги фармонини имзолаганди.

    2019 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, ДХР ҳудудида истиқомат қилувчи аҳоли сони 2,28 миллион кишини ташкил қилган, ЛХРда эса 1,45 миллион киши яшамоқда. Украина шарқидаги айирмачилар томонидан тузилган бу республикалар БМТ томонидан ҳам, унга аъзо бошқа давлатлар томонидан ҳам тан олинмаган.

    Фикрлар

    » » Зеленскийга «биринчи зарба»: Путин ДХР ва ЛХРда яшовчиларга Россия паспорти беришни соддалаштирди