Суриядаги амалиёт: Туркия курдларга бомба ёғдирмоқда ва Европага пўписа қилмоқда

  • 12 октябрь 2019, 09:15
  • 1 373
  • Дунё
  • Суриядаги амалиёт: Туркия курдларга бомба ёғдирмоқда ва Европага пўписа қилмоқда
    Фото: AFP
    «Сурия демократик иттифоқи» ҳарбий алянсини ташкил этган суриялик курдларнинг маълум қилишича, ўтган икки кун давомида туркларнинг ҳужумлари оқибатида ташкилотнинг 22 нафар жангчиси ҳалок бўлган.

    БМТ маълумотига кўра, Туркия ҳарбийлари бостириб киргач Сурия шимолида қуршовга олинган Рас ал-Айн ва Тал-Абайад шаҳарларини 70 мингдан ортиқ киши ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган.

    Reuters нашри хабар қилишича, турк артиллерияси ва Туркия ҳарбий-ҳаво кучлари курд ҳарбийларининг позицияларини ўққа тутиши юздан ортиқ кишининг ўлимига сабаб бўлган.

    Халқаро ташкилотлар томонидан маълум қилинишича, қочқинлар сони бир неча юз минг кишига етиши мумкин. Халқаро ҳамжамият расмий Анқарадан ҳарбий амалиётни тўхтатишни талаб қилиб, босим ўтказмоқда.

    Америка истеблишменти, хусусан, Республикачилар партияси раҳбарияти Дональд Трампдан Туркияга қарши қатъий санкциялар қўллашни талаб этмоқда.
    Франция ИШИДга қарши курашувчи халқаро коалициянинг шошилинч йиғилишини чақиришни сўраган.

    Эрдўғаннинг пўписаси
    Европа кенгаши раиси Дональд Туск Анқаранинг ҳаракатларини танқид қилишдан тўхтамаётган Европа Иттифоқи ҳудудига миллионлаб қочқинларни жўнатиш билан таҳдид қилган Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғанни шантаж қилишда айблади.

    «Эй, ЕИ, уйғон. Мен яна бир марта такрорлайман: агар сиз бу амалиётни оккупация деб атасангиз, унда эшикларни очамиз ва 3,6 миллион қочқинни сиз томонга жўнатамиз», деганди Эрдўған пайшанба куни.

    Тускнинг сўзларига кўра, Европа Туркия қочқинлардан фойдаланишига тоқат қилиб турмайди.

    «Туркия тушуниши керакки, биз бу давлатнинг ҳаракатлари янги гуманитар фалокат олиб келиши мумкинлигидан ташвишдамиз. Бунга эса жим қараб туриб бўлмайди», деган у.

    Туркия «Тинчлик булоғи» деб номланган амалиётидан мақсад шунчаки Сурия билан чегаралари яқинида «хавфсиз ҳудуд» ташкил этиш ва бу жойларга айни вақтда Туркияда яшаётган қочқинларни жойлаштириш эканини таъкидлаб келмоқда.

    Анқара Сурия шимолида, Туркия билан чегарадаги курд айирмачиларини Туркияга таҳдид солувчи кучлар сифатида билади.

    Халқаро ҳамжамият эса Туркиянинг бу ҳудудга кириши ортидан ҳозиргача курдлар назоратида бўлиб келаётган, ИШИДнинг собиқ жангарилари сақланаётган лагерлар қаровсиз қолиши мумкинлигидан ташвишланмоқда. Ҳарбий ҳаракатлар натижасида бу лагерлардаги асирлар қочиб кетиши мумкин.

    Айни вақтгача нималар маълум?
    Зиддият ҳудудида айни вақтда нималар рўй бераётганини аниқ билиш имконсиз. Томонлар вазият ҳақида бир-биридан фарқ қилувчи турлича маълумотлар тарқатишмоқда.
    Туркиянинг «Анадўлу» агентлиги пайшанба куни кечқурун «228 нафар курд айирмачиси зарарсизлантирилгани» тўғрисида хабар тарқатганди.

    Ўз навбатида Суриядаги курд айирмачилари раҳбарияти Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг 109 нафар қуролли курдлар ўлдирилгани ҳақидаги маълумотини рад этиб чиқди. Курдлар томони бу маълумотлар бўрттирилганини айтмоқда, шу билан биргаликда ўзларининг йўқотишлари тўғрисида маълумот беришмаяпти.

    Жума куни Туркия Мудофаа вазирлиги туркиялик уч нафар ҳарбий ўлими ҳақидаги маълумотни тасдиқлади - бу туркларнинг «Тинчлик булоғи» амалиётидаги илк йўқотишларидир. Шунингдек, вазирлик «зарарсизлантирилган» курд айирмачилари сони 277 нафарга етгани ҳақида хабар тарқатди.

    Рас ал-Айн шаҳрини тарк этаётган одамлар
    EPA

    Халқаро майдондаги реакция
    БМТ Хавфсизлик кенгаши пайшанба куни ЕИнинг беш давлати - Буюк Британия, Польша, Франция, Германия ва Бельгия илтимосига кўра Сурия шимолидаги вазиятни муҳокама қилди.

    Бу давлатлар Туркияни ҳужумни тўхтатишга чақириб, ҳарбий ҳаракатлар фақат минтақадаги вазиятни беқарорлаштиришидан огоҳлантирмоқда.
    БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ҳам жиддий хавотирларини билдириб ўтди.

    АҚШ президенти Дональд Трамп ўз твиттерида зиддиятнинг барча томонлари билан алоқани сақлаб тургани ҳақида ёзган. У томонлар ўртасида воситачилик қилишга тайёрлигини билдирган.

    Конгресснинг Вакиллар палатасидаги республикачилар президентга Туркия билан муносабатлардаги санкциялар ҳақидаги қонун лойиҳасини жўнатишган.
    Қонун лойиҳаси муаллифи Лиз Чейни маълум қилдики, агар Туркия иттифоқчи мақомини сақлаб қолишни истаса, ўзини муносиб тутиши керак бўлади.

    Унинг сўзларига кўра, конгрессдагилар Эрдўғаннинг режими ҳаракатларидан ва бу давлат АҚШнинг рақиблари, жумладан Россия билан ҳамкорлик қилаётганидан ташвишда.

    Facebook орқали авторизация
    Маълумот

    Посетители, находящиеся в группе Гости, не могут оставлять комментарии к данной публикации.
    » » Суриядаги амалиёт: Туркия курдларга бомба ёғдирмоқда ва Европага пўписа қилмоқда