Эри саёҳатга олиб чиқмаган аёл ажрашиш учун мурожаат қилди

Эри саёҳатга олиб чиқмаган аёл ажрашиш учун мурожаат қилди

Шаржа шаҳрида истиқомат қилувчи аёл эри уни саёҳат, сайр ва турли кўнгилочар тадбирларга олиб чиқишга қизиқиш билдирмаётганидан норози бўлиб, ажрашиш масаласида оилавий маслаҳат хизматига мурожаат қилди.

Мазкур ҳолат БАА оммавий ахборот воситаларида муҳокама қилинди. Воқеа ҳақида Шаржа судлари қошидаги Оилавий йўл-йўриқ бўлими директори доктор Розия Ҳасан Ал Райсий телевидение дастурида маълумот берди.

Доктор Ал Райсийнинг айтишича, аёл аввал Оилавий йўл-йўриқ хизматига мурожаат қилиб, турмуш ўртоғи асосан уйда қолишни афзал кўришини ва уни сайр қилиш, дам олиш ёки саёҳатларга бирга олиб чиқишга унчалик қизиқмаслигини билдирган.

Аёл эрининг ижобий фазилатларини ҳам алоҳида қайд этган. У турмуш ўртоғини сахий, сабрли ва яхши хулқли инсон сифатида таърифлаган. Бироқ эркакнинг уйдан ташқарида дам олиш ва кўнгилочар машғулотларда иштирок этишни истамаслиги аёлни ташвишга сола бошлаган.

Шаржа Оилавий йўл-йўриқ бўлими вакиллари аёлга дам олиш ва сайр қилиш учун ака-укаси, опа-сингиллари ҳамда бошқа оила аъзолари билан бирга вақт ўтказиши мумкинлигини тушунтирган. Шунингдек, мутахассислар унга фақат ушбу масала сабабли ажрашиш ҳақида кескин қарор қабул қилмасликни тавсия қилган.

Масъуллар оилавий ҳаётда ўзаро тушуниш, муроса ва бир-бирининг хоҳиш-истакларига ҳурмат билан ёндашиш муҳимлигини таъкидлаган. Улар турмуш тарзидаги фарқлар ва дам олиш борасидаги қарашлар оиладаги тинчликка салбий таъсир кўрсатишига йўл қўймаслик зарурлигини айтган.

Доктор Ал Райсийнинг таъкидлашича, эр-хотиннинг ҳаёт тарзи ёки дам олиш усулларига бўлган муносабати турлича бўлиши баъзан норозилик ва тушунмовчиликларни келтириб чиқариши мумкин. Бироқ ҳар бир келишмовчилик никоҳни бекор қилиш билан якунланиши шарт эмас.

Мутахассис, шунингдек, ҳар қандай кичик келишмовчиликни дарҳол ҳуқуқий ёки оилавий можарога айлантиришдан сақланишга чақирган. Айниқса, никоҳ муносабатларига жиддий таъсир кўрсатаётган муаммо мавжуд бўлмаган ҳолатларда майда фарқларни катта низога айлантирмаслик муҳимлиги таъкидланган.

Мутахассисларнинг фикрича, эр-хотин ўртасидаги ўзаро мулоқот, тушуниш ва муроса турмушдаги турли қарашлар туфайли юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни юмшатишда муҳим аҳамият касб этади.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар