14:35 / 19.07.2020
1 569

Энг яхши тадқиқот: коронавирусни кўпроқ катталар тарқатадими ёки болалар?

Энг яхши тадқиқот: коронавирусни кўпроқ катталар тарқатадими ёки болалар?
Фото: «Obruchevskiymedia.ru»
Жанубий Кореяда ўтказилган кенг миқёсдаги тадқиқот 10 ёшдан ошган болалар коронавирусни катталар каби тарқатишини аниқлади, деб ёзади «The Washington Post».

Таъкидланишича, ўн ёшдан кичик болалар коронавирусни бошқаларга қараганда тахминан икки баравар кам юқтиришади. Бу болаларнинг нафас орқали катталарга қараганда кам ҳаво чиқариши билан боғлиқ бўлиши мумкин. Яна бир тахминга кўра, болаларнинг бўйи кичик бўлгани учун ерга яқинроқ нафас чиқаради. Шу боис катталарнинг зарарланган ҳаводан нафас олиш эҳтимоли камаяди.

Тадқиқот натижаларига кўра, 10 ёшдан ошган болалар COVID-19 ни тарқатишда катталардан қолишмайди.

Тадқиқот натижаларига кўра, 10-19 ёшдаги болалар атрофдагиларга касалликни катталарга қараганда кўпроқ тарқатиши мумкин. Нашрнинг ёзишича, бу болаларнинг юриш-туриши билан изоҳланади: гарчи катта синф ўқувчиларининг бўйи катталарники билан тенглашиб қолган бўлса-да, уларнинг гигиена қоидаларига амал қилиши ёш болаларникидан фарқ қилмаслиги мумкин. Бундан ташқари, ўсмирлар тенгдошлари билан кўпроқ мулоқотда бўлгани учун ҳам вирусни юқтириш эҳтимоли кўпаяди.

Тадқиқот учун олимлар 20 январдан 27 мартгача оиласида COVID-19 аломатлари биринчилардан бўлиб аниқланган 5 706 кишини танлаб олишди ва ушбу беморларнинг 59 073 киши билан мулоқотини ўрганишди. Сўнгра уй шароитида касалланганлар билан алоқада бўлганларнинг ҳаммасини касаллик аломатлари пайдо бўлишидан қатъи назар тестдан ўтказишди. Уйдан ташқарида фақат касаллик аломатлари бўлган кишилар тест қилинди.

«The Washington Post» сўровномасида иштирок этган экспертлар мазкур тадқиқотни «ҳозирги кунгача ушбу муаммо бўйича олиб борилган энг яхши тадқиқотлардан бири» дея баҳолашган.

Жанубий Корея тадқиқот орқали коронавирус пандемияси шароитида кузда мактабларни очиш масаласини яна бир бор кўтарган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)