19:00 / 30.07.2020
3 174

COVID-19 юқтириб олган киши қанча вақт давомида вирусни бошқаларга ҳам юқтириши мумкин?

COVID-19 юқтириб олган киши қанча вақт давомида вирусни бошқаларга ҳам юқтириши мумкин?
Касалликни енгил шаклда ўтказаётган бемор 9 кунгача вирусни бошқаларга юқтириши мумкин, деб маълум қилди ЖССТ эксперти Мария ван Керкхов.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг COVID-19 масалалари бўйича етакчи эксперти Мария ван Керкхов ташкилотнинг «Савол-жавоб» дастурида ижтимоий тармоқлардан келиб тушган саволларга жавоб берди.

– Коронавирус юқтириб олган киши қанча вақт давомида уни бошқаларга ҳам юқтириши мумкин? Касалликни енгил, ўрта ва оғир шаклда ўтказаётганларда бу муддат фарқ қиладими?
– Бу савол устида фаол изланишлар олиб бориляпти. Чунки биз биламизки, айрим ҳолларда кишининг коронавирусга топширган тестлари бир неча марта, анчагина узоқ вақт давомида мусбат натижа бериши мумкин. Лекин бу дегани улар шунча узоқ вақт вирусни бошқаларга юқтириши мумкин, дегани эмас.

COVID-19`га чалинган кишининг қанча узоқ вақт вирус юқтирувчи бўлиб қолиши, бу муддат бемор касалликни енгил ёки оғир шаклида ўтказганига қараб фарқ қилиши ёки фарқланмаслиги бўйича тадқиқотлар ҳозирда жуда кам. Биз буни аниқлаш учун кўплаб лабораториялар билан биргаликда иш олиб боряпмиз. Ҳозиргача шуни биламизки, касалликни енгил шаклда ўтказаётган бемор 8 ёки 9 кунгача вирусни бошқаларга юқтириши мумкин. У 9 кундан кейин катта эҳтимол билан вирус тарқатувчи ҳисобланмайди.

Касалликни оғир шаклда ўтказаётган беморларда бу муддат фарқ қилади. Бундай беморлар тестида 3 ҳафтагача фаол ҳолатдаги вирусни аниқлаш мумкин. Улар шифохонада, изоляцияда даволанишлари лозим. Умуман олганда, коронавирус илк тарқала бошлагандан буён ЖССТ барча мамлакатларга вирус аниқланган барчани – шу жумладан, касалликни аломатсиз ўтказаётганларни ҳам – изоляция қилишни тавсия қилиб келмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг ҳозирги тавсияларига асосан, коронавирус тасдиқланган беморлар аломатлар пайдо бўла бошлаганидан кейин камида 10 кун, шунингдек қўшимча тарзда, симптомлар йўқолганидан сўнг 3 кун изоляцияда бўлиши лозим.

Агар сизда аломатлар бўлмаса-ю, тест мусбат натижа берса, у ҳолда тест топширган вақтингиздан бошлаб 10 кун изоляцияда бўлишингиз мақсадга мувофиқ.

Маълумот учун, Ўзбекистонда амалдаги тартибга асосан, коронавирусга чалиниб, касалликни енгил шаклда ўтказаётган ва уйда даволанаётган беморларга ташхис қўйилганидан 10 кун ўтиб, улардан қайта тест олиниши ва натижа манфий бўлган ҳолда улар соғайган ҳисобланиши белгиланган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » COVID-19 юқтириб олган киши қанча вақт давомида вирусни бошқаларга ҳам юқтириши мумкин?