08:43 / 21.10.2020
1 384

Эксперт фикри: Вакцина дунёни COVID-19дан қутқарадими?

Эксперт фикри: Вакцина дунёни COVID-19дан қутқарадими?
Фото: «Sputnik»
Британия ҳукумати бош илмий маслаҳатчиси Патрик Валланснинг сўзларига кўра, коронавирус вакцинаси Буюк Британияга 2021 йил баҳоригача етиб келса ҳам катта гап. Ҳатто, шунда ҳам COVID-19 бутунлай йўқолиши амримаҳол. Бу ҳақда «Sky News» телеканали хабар берди.

Телеканалнинг маълум қилишича, Валланс Британия парламенти қўмитасида сўзга чиқар экан, одамзод бутунлай йўқ қилишга эришган юқумли касаллик бу чечак эканлигини эслатиб қўйди. Коронавирусга келсак, келажакда унга қарши кураш кўпроқ мавсумий гриппга қарши курашга ўхшаб кетади, деб ҳисоблайди Британия ҳукумати маслаҳатчиси.

«Менимча, бизда чиндан ҳам инфекцияни бутунлай тўхтатадиган стерилизацияловчи вакцина пайдо бўлиши эҳтимоли кам», — деди Валланс. Унинг фикрича, кенг жамоатчилик фойдалана оладиган вакцина 2021 йил баҳоргача пайдо бўлиши амримаҳол.

«Шубҳасиз, вакцинация пайдо бўлиб вазият яхшиланиши кўпроқ ҳар йилги гриппга ўхшаб кетади», — дея таъкидлайди Валланс. — «Ушбу касаллик айланиб юриши, эндемик характерга эга бўлиши эҳтимолдан холи эмас».

Сўнгги ҳафталарда Буюк Британияда COVID-19 ҳолатлари сони ўсиши кузатилмоқда. Мамлакат бош вазири Борис Жонсон 12 октябрь куни маҳаллий локдауннинг янги уч босқичли тизимини эълон қилди. Душанба куни Уэльс ҳокимияти 23 октябрдан 9 ноябргача локдаун жорий этилишини эълон қилди: ноозиқ-овқат дўконлари, спорт марказлари, меҳмонхона ва ресторанлар ёпилади. Одамлар имкон қадар уйдан туриб ишлашлари зарур, оиланинг турли аъзолари айрим истисноли ҳолатларни ҳисобга олмаганда хонада ҳам, кўчада ҳам учрашишлари мумкин эмас.

17 октябрдан бошлаб Лондонда қаттиқ чекловлар кучга кирди, Ливерпуль ва Ланкашир графлигида жиддийроқ карантин чоралари жорий этилди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)