date

Россияда тўнтариш ҳақидаги миш-мишларга Лондон ишонмаяпти

Сўнгги кунларда Ғарб оммавий ахборот воситаларида Россияда эҳтимолий давлат тўнтариши тайёрланаётгани ҳақида турли тахмин ва хабарлар кенг муҳокама қилинмоқда. Айниқса, CNN ва «Файнэншл Таймс» каби йирик нашрларда тарқалган материаллар халқаро майдонда катта қизиқиш уйғотди. Бироқ Буюк Британияда барча ҳам бу версияларга ишонаётгани йўқ.

Британиялик таниқли эксперт, Лондон Университет коллежи фахрий профессори Марк Галеотти «The Spectator» нашрида эълон қилган мақоласида Россияда давлат тўнтариши арафаси ҳақидаги хабарларга шубҳа билан ёндашди.

Унинг фикрича, бундай материаллар жиддий таҳлилдан кўра кўпроқ ахборот таъсири ёки психологик операцияни эслатади.

— «Ғарб етакчилари Россия дезинформациясини қанчалик қаттиқ танқид қилмасин, бу жараён бир томонлама эмаслигини ҳам унутмаслик керак», — дея таъкидлади Галеотти.

Экспертнинг айтишича, айрим нашрларда «Европа разведка хизмати» деган ноаниқ ва аноним манбаларга таянилгани бундай маълумотларнинг ишончлилигига жиддий шубҳа уйғотмоқда.

Марк Галеотти Россия ичида эҳтимолий сиёсий тўнтариш ташкил қилиниши ҳақидаги тахминларга ҳам ишонмаслигини билдирди. Айниқса, Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Сергей Шойгу бу жараёнда асосий фигура бўлиши мумкинлиги ҳақидаги гапларни у жиддий қабул қилмаган.

Эксперт бу каби версияларни ҳатто маълум маънода масхарали деб баҳолади ва улар кўпроқ тахминларга асосланаётганини таъкидлади.

Шунингдек, Галеотти Россия президенти Владимир Путиннинг хавфсизлик тизими тубдан ўзгаргани ҳақидаги даъволарни ҳам шубҳа остига олди.

Унинг таъкидлашича, Путин ҳозир ҳам оммавий тадбирларда қатнашмоқда, хорижий делегациялар билан учрашувлар ўтказмоқда ва давлат раҳбари сифатида фаолиятини давом эттиряпти. Бу эса оммавий ахборот воситаларида тарқалаётган айрим сценарийларга тўғри келмаслигини кўрсатади.

Марк Галеотти бундай хабарлар Европадаги кайфият билан ҳам боғлиқ эканини айтди. Унинг фикрича, Европа жамоатчилиги Украинадаги урушнинг тез ва кутилмаган тарзда якунланиши ҳақидаги ҳар қандай версияга қизиқиш билдирмоқда.

— «Европада Россия ичидан қулаши мумкинлиги ҳақидаги ғояга муайян эҳтиёж бор. Чунки бу урушнинг қандайдир “мўъжизавий” якунланиши ҳақидаги умидларга мос келади», — деди эксперт.

Унинг қўшимча қилишича, бундай вазиятда ҳатто айрим разведка тузилмалари ҳам сиёсий муҳит таъсирида воқеаларни бўрттириб баҳолаши мумкин.

Эксперт фикрича, ахборот уруши кучайган шароитда турли миш-миш ва тахминлар тез тарқалади, аммо уларнинг барчасини ҳам ҳақиқат сифатида қабул қилиш тўғри эмас.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Россияда тўнтариш ҳақидаги миш-мишларга Лондон ишонмаяпти