Миллион долларлик туфлилар эгаси Имелда Маркос қандай қилиб ҳокимият тепасига келди?

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Филиппиннинг собиқ биринчи хоними Имелда Маркос ўзининг ҳашаматли ҳаёт тарзи ва миллионлаб долларлик харажатлари билан машҳур бўлган, бироқ айни пайтда мамлакатнинг халқаро нуфузини оширишда ҳам ҳисса қўшган.
- Унинг сиёсий фаолияти турмуш ўртоғи Фердинанд Маркоснинг президентликка келиши билан бошланган ва кейинчалик ўзи ҳам мамлакат ишларида фаол иштирок этган.
Филиппиннинг собиқ биринчи хоними Имелда Маркос мамлакат тарихида энг кўп муҳокама қилинган шахслардан бири бўлиб қолмоқда. У бир томондан мамлакатнинг халқаро нуфузини ошириш, соғлиқни сақлаш, маданият ва таълим соҳаларини ривожлантиришдаги фаолияти билан танилса, бошқа томондан ҳашаматли ҳаёт тарзи ва катта харажатлари билан машҳур бўлди.
Уни замонасининг энг очкўз ва шафқатсиз ҳукмдорларидан бири деб атаганлар ҳам бор. Имелда шахсий эҳтиёжлари учун миллионлаб маблағ сарфлаган бир пайтда, мамлакат аҳолисининг катта қисми қашшоқлик ва очликдан азоб чеккани танқидларга сабаб бўлган. Шунга қарамай, уни чин дилдан яхши кўрган филиппинликлар ҳам кўп эди.
Имелда Маркос 1929 йил 2 июль куни Манилада туғилган. Расмий маълумотларга кўра, унинг отаси адвокат Висенте Ромуалдес бўлган, аждодлари эса бадавлат ер эгалари қаторига кирган.
Бироқ унинг болалиги ҳақида бошқа версия ҳам мавжуд. Журналист Кармен Педроса собиқ биринчи хоним ҳақида биографик китоб тайёрлаб, Имелданинг қашшоқликда ўсгани ва ёшлигидан йўқчиликдан қутулишни орзу қилгани ҳақида маълумотлар келтирган. Имелда китоб ҳақида эшитгач, ўзи ҳақида нохуш миш-мишлар тарқалишидан хавотирланиб, унинг нашр этилишини тақиқлашга уринган.
Ёш Имелда эстрада хонандаси бўлишни орзу қилган ва ҳатто Маниланинг кўнгилочар масканларида саҳнага чиққан. Бироқ отаси қизининг бу касбни танлашини қўллаб-қувватламаган.
Унинг ҳаёти 1954 йилда тубдан ўзгарди. Ўша йили Филиппин Конгресси Вакиллар палатасида масъул лавозимда ишлаётган Фердинанд Маркос билан танишди. Жуфтлик муносабатлари жуда тез ривожланиб, бор-йўғи 11 кунлик учрашувлардан сўнг Фердинанд унга турмуш қуришни таклиф қилди. Имелда дарҳол рози бўлди.
Фердинанд Маркос президентлик учун курашни бошлаганида, Имелда унга фаол кўмаклашди. У мамлакат бўйлаб сафар қилди, расмий тадбирларда қатнашди, дипломатик ташрифларда иштирок этди ва турмуш ўртоғининг сиёсий дастури ҳақида интервьюлар берди.

Натижада 1965 йилда Фердинанд Маркос Филиппиннинг 10-президенти бўлди. Бу эса Имелданинг сиёсий таъсирини янада оширди.
Совуқ уруш даврида Филиппиннинг биринчи хоними президент вакили сифатида СССР, Хитой, Чехословакия, Руминия, Венгрия, Шарқий Германия, Ироқ, Куба ва Шимолий Кореяга ташриф буюрди. У Леонид Брежнев, Ким Ир Сен, Мао Сзедун, Саддам Ҳусайн ва Муаммар Қаддафий каби сиёсий раҳбарлар билан учрашувларда иштирок этди.
Имелданинг дипломатик фаолияти натижасида Триполида Филиппин ҳукумати ва Моро миллий озодлик фронтининг исломий айирмачилари ўртасидаги қарама-қаршиликка оид бир қатор тинчлик битимлари имзоланди. Тадқиқотчиларга кўра, Филиппиннинг халқаро нуфузи Маркослар ҳукмронлиги давридагидек юқори даражага ундан олдин ҳам, кейин ҳам чиқмаган.
Бироқ Имелда ички сиёсатга ҳам катта эътибор қаратди. Унинг даврида маданият, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳалари ривожланди. Бир нечта йирик тиббиёт марказлари, таълим муассасалари ва маданий объектлар, жумладан, Филиппин маданият маркази ташкил этилди. Мамлакатдаги ўнлаб стратегик объектларга Имелда ва Фердинанд Маркос номи берилди.
Бироқ биринчи хонимнинг ҳашаматли ҳаёт тарзи ҳам жамоатчилик эътиборидан четда қолмади. Имелда асосий мода пойтахтларига бориб, қимматбаҳо кийим ва пойабзаллар учун миллионлаб доллар сарфлаган. Унинг улкан пойабзал коллекцияси эса кейинчалик Имелда Маркос образининг асосий рамзларидан бирига айланди.
Маркослар оиласи АҚШда, хусусан, Манҳеттенда бир нечта кўчмас мулк объектларига ҳам эгалик қилган. Имелда санъатга ҳам қизиққан ва унинг шахсий коллекциясида Микельанжело Буонарроти, Сандро Боттичелли ҳамда Каналетто асарлари бўлган.
Аҳолининг катта қисми қашшоқликда яшаётган бир пайтда бундай дабдабали ҳаёт тарзи жамоатчиликнинг танқидига сабаб бўлди. Айримлар Маркослар оиласининг бойлиги манбасини аниқлашга ҳаракат қилди. Имелда эса оиланинг бойлиги президентликдан олдин шаклланганини ва унинг бир қисми бадавлат қариндошларидан мерос бўлганини таъкидлади.

1980 йилда Фердинанд Маркоснинг соғлиғи ёмонлашди. У аутоиммун касаллик — қизил югурукдан азият чекарди. Шу даврда Имелда мамлакат ишларини амалда ўз қўлига олгани ҳақида миш-мишлар тарқалди.
1986 йилги сайловларда Фердинанд Маркос яна ғалаба қозонгани эълон қилинди. Аммо унинг рақиблари натижаларни тан олмади. Корасон Акино ва кичик Бенинё Акино тарафдорлари тергов талаб қилиб, мамлакат бўйлаб норозиликларни кучайтирди.
Вазият кескинлашганига қарамай, Фердинанд Маркос ҳарбий куч ишлатишдан воз кечди ва 1986 йилда мамлакатни тарк этиб, сургунга кетди. Президентлик лавозимини Корасон Акино эгаллади ва Маркослар оиласининг давлат маблағларидан фойдаланиши бўйича тергов бошланди.
1988 йилда Имелда ва Фердинанд Маркосга расмий айбловлар эълон қилинди. Бироқ собиқ президент судгача яшамади ва 1989 йилда буйрак етишмовчилиги оқибатида вафот этди.
Имелда эса сиёсий фаолиятини тиклашга ҳаракат қилди. Қатъиятли характери туфайли филиппинликлар унга “пўлат капалак” лақабини беришган.
1990 йилда у процессуал қоидабузарликлар туфайли барча айбловлар бўйича оқланди. Кейинчалик Филиппинга қайтиб, сиёсий фаолиятини давом эттирди. 2010 йилда у Шимолий Илокос провинциясидан Вакиллар палатасига сайланди.
Бироқ суд ишлари шу билан тугамади. 2018 йилда Имелда Маркос коррупцияга оид етти эпизод бўйича айбдор деб топилиб, 11 йилгача озодликдан маҳрум этилиши хавфи остида қолди. У гаров эвазига озодликда қолди ва қарор устидан шикоят қилди.

Шунга қарамай, Маркослар оиласига муносабат Филиппин жамиятида ҳануз турлича. Айрим фуқаролар уларнинг ҳукмронлик йилларини мамлакатнинг ривожланиши, халқаро нуфузи ошиши ва йирик лойиҳалар билан боғлайди. Бошқалар эса бу даврни қашшоқлик, дабдаба, коррупция ва ҳокимиятнинг кучли марказлашуви билан эслайди.
Шу боис Имелда Маркос номи Филиппин тарихида ҳамон энг кўп муҳокама қилинадиган шахслардан бири бўлиб қолмоқда. Миллионлаб долларлик харидлари, машҳур пойабзал коллекцияси, дипломатик сафарлари ва сиёсий таъсири унинг “пўлат капалак” сифатида тарихда қолишига сабаб бўлди.






























Изоҳлар 0
…