14:00 / 24.10.2020
1 953

АҚШ президентлик сайловлари долларга қандай таъсир ўтказади?

АҚШ президентлик сайловлари долларга қандай таъсир ўтказади?
3 ноябрь куни АҚШда бўлиб ўтадиган президент сайловларининг натижалари, шунингдек, молиявий рағбатлантириш пакетларига оид музокаралар кутилаётган бир пайтда АҚШ доллари халқаро бозорда ўз қадр-қимматини йўқотмоқда.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, АҚШдаги ўзгаришлар, шунингдек, Европада коронавирус эпидемиясининг давом этиши, касалликка чалинганлар сони кўпайиши билан боғлиқ хавотирлар ҳам инвестициявий позицияни эгаллашни қийинлаштиради.

АҚШ долларининг олтита асосий валютага нисбатан қийматини ўлчайдиган индекс шу ҳафта сўнгги бир ойнинг энг паст даражасига тушиб кетди. Евро/доллар паритети (лотинча «Paritas» – тенглик. Ушбу тушунча баъзи параметрларда икки ёки ундан ортиқ томонларнинг муносабатлардаги тенглигини ифодалайди – таҳр.) ҳам ойнинг энг юқори кўрсаткичини кўрди.

StoneX халқаро молиявий хизматлар компаниясининг халқаро бозор бўйича стратеги Юсуф Аббосий Reuters ахборот агентлигига берган интервьюсида доллар курсидаги заифлик узоқ муддатли истиқболда сақланиб қолиши мумкинлигини билдирди.

У коронавирус эпидемияси туфайли иқтисодиётни жонлантиришга қаратилган молиявий рағбатлантириш тартибига оид музокаралар тўхтатилгани ва бозор ҳам эндиликда ўз эътиборини сайловларга қарата бошлаганини айтди.

«Рағбатлантирувчи пакетнинг энг оптимистик сценарийси – бу сайловларда Жо Байденнинг ғалаба қозониши ва Сенат демократлар қўлига ўтишидир. Бу ҳолатда 2021 йил учун 4-5 триллион долларлик рағбатлантирувчи пакет эълон қилиниши ва Байденнинг инфратузилма, яшил энергия соҳаларига оид режалари амалга оширилиши мумкин», дейди Аббосий.

АҚШда коронавирус эпидемиясининг иқтисодиётга таъсирини юмшатиш мақсадида қабул қилиниши кутилаётган ишларда олдинга силжиш кузатилмаяпти.

Сенатда кўпчиликни ташкил қилувчи республикачилар етакчиси Митч МакКоннелл ҳам республикачи сенаторлар билан бўлган учрашувда Оқ уйга сайловлар олдидан рағбатлантириш пакети тўғрисида музокара олиб бормасликни маслаҳат берганини маълум қилди.

Ушбу тавсиянинг матбуотга сиздирилиши эса долларга нисбатан босимни кучайтирувчи омил сифатида кўрилмоқда.
Мутахассис ва таҳлилчиларнинг таъкидлашича, ушбу воқеадан сўнг валюта бозори «кут ва гувоҳ бўл» позициясига ўтиб олган.

Сайловдан кейинги мавҳумлик
Saxo Capital Markets халқаро Маkro стратеги Кей Ван-Петерсен Bloomberg телевидениесига берган интервьюсида 3 ноябрда бўлиб ўтадиган сайловларни «сўнгги ўн йилликда бозор дуч келган энг катта сиёсий хавф» деб таърифлади.

Шу билан бирга, Ван-Петерсен сайлов натижаларидан қатъи назар, АҚШ иқтисодиётида келгуси даврда молиявий жиҳатдан бўшашиш кутилаётгани, фоиз ставкалари пасайиши ва харажатлар ортиши натижасида узоқ вақт мобайнида доллар қадрсизланиши жараёни давом этиши кутилаётганини таъкидлади.

Гарчи стратег ва экспертлар сайловдан сўнг юзага келиши мумкин бўлган вазият ҳақида бир-бирига ўхшаш тахминларга эга бўлишса-да, уларни энг кўп хавотирга соладиган нарса сайловдан кейин пайдо бўладиган мавҳумлик экани айтилмоқда.

АҚШ валюта бозоридаги маълумотларни таҳлил қилишга ихтисослашган етакчи компаниялардан бири – OANDA’да чоп этилган бир таҳлилда тарихда сайлов натижаларининг маълум бўлиши долларга юқори даражада таъсир кўрсатгани таъкидланади.

«1980 йилдан бери ўтказилган 10 сайловнинг тўққизтасидан сўнг янги ёки амалдаги маъмуриятнинг дастлабки 100 кунида долларнинг қадри ортган. Ажабланарлиси шундаки, Демократлар партиясидан кўрсатилган номзод сайлангандан кейин долларнинг ўртача ўсиши 4 фоизни ташкил этган, Республикачилар ғалаба қозонганида эса бу кўрсаткич 2 фоизда қолган», дейилади ушбу таҳлилда.

Шунингдек, 2020 йилги сайловлар доллар курсига сезиларли даражада таъсир кўрсатиши кутилаётгани ва бунинг иккита сабаби борлиги таъкидланмоқда.

«Улардан биринчиси – пандемия жараёнининг давом этиши натижасида почта орқали овоз бериш сони ортиши, шунингдек, овозларни санаш ва ғолиб номзодни аниқлаш жараёнининг 2-3 ҳафтагача чўзилиш эҳтимолидир.

Иккинчиси эса Жо Байден ғалаба қозонган тақдирда Трампнинг натижаларни тан олмаслиги ортидан сайловнинг конституциявий бир инқирозга айланишидир
», дейилади таҳлилда.

Сайловдан сўнг мавҳумлик юзага келишига сабаб бўлувчи яна бир хавф – АҚШ кредит рейтингининг салбий таъсир кўришидир.

Дунёнинг етакчи кредит рейтинг агентликлари ҳисобланмиш Fitch, Moody's ва Standard & Poor's (S&P) каби агентликлар сайлов жараёнларини АҚШнинг кредит рейтинги нуқтайи назаридан диққат билан кузатиб боришаётганини маълум қилишди. Шунингдек, улар агар мавҳумлик даражаси ортиб кетгудай бўлса, бу ҳолат салбий хавф туғдириши мумкинлигидан ҳам огоҳлантиришди.

АҚШ кредит рейтинги билан боғлиқ юзага келиши мумкин бўлган муаммолар ҳам долларга босим ўтказувчи омиллар қаторида кўрилмоқда.
Fitch ва Moody's маълумотларига кўра, АҚШнинг кредит рейтинги ААА, яъни энг юқори даражада. S&P’нинг фикрича, ушбу кўрсаткич энг юқори кўрсаткичдан бир поғона пастда, яъни АА + даражасидадир.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » АҚШ президентлик сайловлари долларга қандай таъсир ўтказади?