20:05 / 01.11.2020
1 907

Саакашвили Грузия бош вазири лавозимига даъвогарлик қилишдан воз кечди

Саакашвили Грузия бош вазири лавозимига даъвогарлик қилишдан воз кечди
Фото: Reuters
Грузия собиқ президенти, бош вазирликка номзод Михаил Саакашвили ҳукумат раҳбари лавозимидан воз кечди, деб хабар бермоқда «РБК».
«Мени ҳеч бир лавозим, шу жумладан, Грузия бош вазири лавозими ҳам қизиқтирмайди», — деди Саакашвили. Аввалроқ унинг номзоди «Умумий миллий ҳаракат» партияси томонидан илгари сурилган эди.

У собиқ бош вазир, «Грузия орзуси» партияси етакчиси Бидзину Иванишвилидан «ҳеч қачон қўрқмаган»лигини айтиб, Грузия халқига «нафас олиш» учун имкон беришга чақирди. Шу билан бирга, Саакашвили Грузия халқига «қўл кўтарганлар»га қарши «охиригача бориш»га тайёрлигини маълум қилди.

Грузия собиқ етакчиси «жисмоний жиҳатдан қаерда бўлиши»ни энг яқин орада маълум қилишга ваъда берди.

Грузияда 31 октябрь куни парламент сайловлари бўлиб ўтди. 150 та депутатлик ўрнига 48 та партия ва 2 та мухолифат блоки даъвогарлик қилди. Сайловлар янги сайлов тизими бўйича ўтказилди: 120 нафар депутат пропорсионал рўйхатлар бўйича, 30 нафари эса мажоритар округлар бўйича сайланади.

Айни пайтда Грузия Марказий сайлов комиссияси бюллетенларнинг 63,19 фоизини ҳисоблаб чиқди. Унинг натижаларига кўра, «Грузия орзуси» ҳукмрон партияси овозларнинг 48,99 фоизини қўлга киритди. Собиқ президент Михаил Саакашвилининг партияси — «Умумий миллий ҳаракат» кирадиган «Куч бирликда» мухолифат блоки эса 26,05 фоиз овоз тўплади.

Грузия собиқ президенти Михаил Саакашвили грузин қамоқхонасида мамлакатнинг бошқа маҳбуслари каби энг яхши озиқ-овқат билан таъминланиши ҳақида Грузия адлия вазири Теа Сулукиани айтиб ўтган эди.

Аввалроқ Михаил Саакашвили Грузиядаги парламент сайловида мухолифат ғалаба қозонса, мамлакат бош вазири бўлишга тайёрлигини билдирганди.

Михаил Саакашвили 2015—2016 йилларда Украинанинг Одесса вилояти маъмуриятини бошқарган. 2017 йилда ўша вақтдаги Украина президенти Пётр Порошенко билан низо туфайли Саакашвили мамлакат фуқаролигидан маҳрум қилинганди. 2019 йилда Владимир Зеленский Украина президентлиги учун сайловларда ғалаба қозонгач Саакашвилига мамлакат фуқаролиги қайтариб берилди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Саакашвили Грузия бош вазири лавозимига даъвогарлик қилишдан воз кечди