22:30 / 28.12.2020
2 122

Қозоғистон Американинг Pfizer компанияси билан шартнома имзолади

Қозоғистон Американинг Pfizer компанияси билан шартнома имзолади
Фото: Euronews
Қозоғистон Американинг Pfizer фармацевтик компанияси билан ошкор этмаслик тўғрисидаги шартномани имзолади, дея хабар бермоқда “Zakon.kz”га таяниб "Дарё" нашри.

«Биз бугун Pfizer компанияси билан ошкор этмаслик тўғрисида битим имзоладик ва махсус рухсат этувчи ҳужжатлар бериш орқали ушбу вакциналарни Қозоғистон ҳудудига олиб келиш билан шуғулланишга тайёрмиз. Ҳаммаси ушбу компаниянинг ишлаб чиқариш қувватларига ва мазкур дори воситасини республика ҳудудига етказиб бериш имкониятларига боғлиқ», — деди Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Марат Шоранов брифингда.

Вакцинани сотиб олишга тўсиқ бўлувчи нюанслар бор-йўқлиги ҳақидаги саволга Шоранов қуйидагича жавоб берди:
«-70 даража бутун Қозоғистон ҳудудида кенг кўламда қўллаш учун етарлича жиддий тўсиқ ҳисобланади. Айни пайтда биз бутун логистик занжирни ишлаб чиқмоқдамиз, қарийб ҳар битта минтақа бугунги кунда айтиш жоиз бўлса, махсус хабларга эга. Яъни бу Олмаота, Нур-Султон, Ақтўбе ва Чимкентда тўртта асосий хабга эга ягона дистрибютор, улар тегишли совитувчи ускунага эга бўлиб, вакциналарни сақлаш ва -20 даражагача ҳарорат режимини ушлаб туриш имкониятини беради».

Шорановнинг таъкидлашича, ошкор этмаслик тўғрисидаги шартнома — ҳар битта ишлаб чиқарувчи учун қандайдир маълумотларни топширишдаги мажбурий шартдир.

«Ўзингиз тушунасизки, ишлаб чиқарувчиларнинг барчаси ўз тадқиқотларининг натижаларига жуда хавотир билан муносабатда бўлади. Кейинчалик эса ушбу махфийлик ҳақидаги шартномалар асосида тегишли эксперт ташкилотлари уларнинг маълумотларини таҳлил қилади. Уларнинг маълумотлари бизнинг миллий талабларимизга тўғри келса, ушбу вакцина Қозоғистон Республикаси ҳудудига келтирилиши мумкин бўлади», — деди соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари.

Брифингда иштирок этаётган Тиббий ва фармацевтик қўмита раиси ўринбосари вазифаларини бажарувчи Нурлибек Асилбеков Pfizer компанияси билан кейинги музокаралар 30 декабрда бўлиб ўтишини маълум қилди. Музокаралар вакцинани «етказиб бериш имкониятларини тезлаштириш» масаласида бўлади.

Эслатиб ўтамиз, 19 декабрь куни Қозоғистонда кўнгиллиларни коронавирусига қарши маҳаллий QazCovid-in вакцинаси билан эмлаш бошланди. 2021 йил февралида эса қозоғистонликлар оммавий равишда Россиянинг коронавирусга қарши «Спутник V» вакцинаси билан эмланишни бошлайди. Бунинг учун ушбу вакцина Қозоғистоннинг ўзида ишлаб чиқарилмоқда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Қозоғистон Американинг Pfizer компанияси билан шартнома имзолади