21:23 / 12.01.2021
1 331

Дунёдаги энг йирик электрон қора бозорлардан бири йўқ қилинди

Дунёдаги энг йирик электрон қора бозорлардан бири йўқ қилинди
Фото: «Deutsche Welle»
Германия дунёдаги энг йирик «DarkMarket» электрон савдо майдончаси тугатилганини маълум қилди. У ерда гиёҳванд моддалар, қалбаки пуллар, банк карталари маълумотлари, аноним сим-карталар ва зарарли дастурий таъминотлар сотилгани айтилмоқда. Бу ҳақда «Deutsche Welle» телеканали хабар берди.

Маълумотларга кўра, «DarkMarket» раҳбари, Австралиянинг 34 ёшли фуқароси 9 январь куни Дания чегараси яқинидаги Олденбург шаҳрида полиция томонидан ҳибсга олинган. У тергов изоляторига олиб кетилган, аммо гумонланувчи кўрсатма беришдан бош тортган.

Германия полицияси операцияни амалга оширишда Австралия, Буюк Британия, Дания, Швейцария, АҚШ, Украина ва Молдовадаги ҳамкасблари билан ҳамкорлик қилди. Украина ва Молдова ҳудудларида «DarkMarket» учун ишлатилган 20 дан ортиқ серверлар топилди. Полиция уларда сақланган ахборот бошқа ташкилотчилар, шунингдек, сотувчилар ва харидорлар тўғрисида маълумот олишга ёрдам беришидан умид қилмоқда.

Ҳибсдан сўнг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари савдо майдончасини ёпиб, уни серверлардан узиб қўйишди. Полиция «DarkMarket»дан 500 мингга яқин харидор ва 2,4 минг сотувчи фойдаланганини аниқлади. Жами 320 минг транзакция амалга оширилган бўлиб, битимлар крипто-валюталарда тузилган. Савдо майдончасида сарфланган маблағларнинг умумий миқдори амалдаги курс бўйича қарийб 140 миллион еврони ташкил этади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)