11:00 / 11.02.2021
1 929

Геленжикдаги «Путиннинг қасри» қурилишида ўзбеклар ҳам иштирок этган

Геленжикдаги «Путиннинг қасри» қурилишида ўзбеклар ҳам иштирок этган
Фото: «Навальний.com»
Россиялик мухолифатчи Алексей Навальнийнинг Коррупцияга қарши кураш фонди (ККФ) «Путиннинг қасри» ҳақидаги суриштирувини эълон қилгач, кўплаб нашрлар ва агентликлар бу мавзуда ўз текширувларини бошлаб юборди. Хусусан, BBC Russia «қаср» қурилишида турли вақтларда қатнашган 15 нафарча ишчилар билан суҳбатлашиб чиқди.

Улардан бири, «қаср» ҳудудида 2011 йил кузида бўлган ишчининг айтишича, «қаср»ни 2011 йил 8 октябрь кунига (7 октябрь — Путиннинг туғилган куни) қуриб битказиш ва топшириш учун шошилишган. «Шу куни ‘дода’ келиши керак эди, улар қаср эгасини шундай деб аташарди», — дея аниқлик киритди у. Ушбу санани бошқа ишчи ҳам тасдиқлади. Аммо ўша куни қаср эгаси келганми, йўқми — уларнинг хабари йўқ.

«Худди Миср пирамидалари қурилишига тушиб қолгандек ҳис қилувдим ўзимни — биринчи таассуротим шундай бўлганди. Тахминимча, ўшанда қурилишда 1,5 мингга яқин одам ишлаган. Ҳарбийлар, ўзбеклар, руслар, барчаси аралаш эди. Жуда шошаётган эдилар», — дея эслайди у.

Шунингдек, мақолада қурилишнинг бошқа турли иштирокчилари шунча вақт давомида бунёд этилган қаср айни пайтда бутунлай қайта қурилаётгани, унинг баъзи қисмларини моғор ва замбуруғ босиб кетгани ҳақида ҳам гапириб берган.

Эслатиб ўтамиз, 19 январь куни асосчиси мухолифатчи Алексей Навальний бўлган Коррупцияга қарши кураш фонди «Путин учун қурилган қаср» ҳақида катта суриштирувни эълон қилди.

Алексей Навальний иддао қилишича, Россия президенти Геленжик яқинида, Қора денгиз соҳилида «бутун бошли қироллик»га эгалик қилади, унинг майдони «Монакодек 39 та князлик ҳудудига тенг».

Фонд хабар беришича, мажмуанинг қурилишини бир қатор компаниялар, шу жумладан, «Роснефть» ва «Транснефть» давлат компаниялари қалбаки ижара тўловлари ва бошқа коррупциявий схемалар ёрдамида молиялаштирган.

Тадқиқот муаллифлари бу схемани «дунёдаги энг катта пора» деб атаб, қаср ва узумзорларга сарфланган жами пул қийматини камида 100 миллиард рубль (1,35 миллиард доллар)га баҳоламоқда.

Ҳужжатларга таянган ҳолда Алексей Навальний маълум қилишича, «қаср»нинг майдони — 17 691 метр² га тенг бўлиб, бу мамлакатдаги энг катта шахсий турар жойдир.

Қаср ФҚХ томонидан қўриқланади, у ер учиш тақиқланган ҳудуд, шунингдек, қасрга денгиз томондан сузиб бориб ҳам бўлмайди, дейилади суриштирувда.

Кейинроқ Россия президенти Владимир Путин Коррупцияга қарши кураш фонди (ККФ) суриштирувида тилга олинган Гелинжикдаги қасрга на у, на унинг қариндошлари эгалик қилишини билдирди. «У ерда менинг мулким сифатида кўрсатилган нарсаларнинг ҳеч бири на менга, на менинг яқин қариндошларимга тегишли эмас ва ҳеч қачон тегишли бўлмаган. Ҳеч қачон», — деди Владимир Путин.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)