20:11 / 15.04.2021
2 556

Киев мэри Виталий Кличко уруш хавфи туфайли украиналикларга мурожаат қилди

Киев мэри Виталий Кличко уруш хавфи туфайли украиналикларга мурожаат қилди
Фото: Facebook
Украина Шаҳарлар ассоциацияси раиси ва Киев мэри Виталий Кличко Россиянинг ташқи тажовуз таҳдиди сабабли украиналикларга ва ҳукуматга мурожаат қилди. Бокс бўйича собиқ жаҳон чемпионининг видеомурожаати унинг Facebook саҳифасига жойланди, деб ёзмоқда Tengrinews.

Сиёсатчининг сўзларига кўра, ташқи таҳдид шароитида украиналиклар қўрқмаслиги, марказий ва маҳаллий ҳукумат бирлашиши ва сиёсатчилар тортишувларини бир четга суриб қўйиши керак.

«Бугун душман ўз қўшинларини давлатимиз чегараларига яқинлаштирди. Улар Украина фуқаролари орасида қўрқув ва ваҳима уйғотишга, ички низолар келтириб чиқаришга ҳаракат қиляпти. Украина Шаҳарлар ассоциацияси ҳар бир украиналикларга мурожаат қилади: қўрқманглар! Текширилмаган маълумотларга ишонманглар ва уларни тарқатманглар. Қўрқувни душманга қолдирайлик. Совуққон ақл ва ишонч бизни кучли қилади. Биз ўзимизнинг еримиздамиз. Ҳақиқат биз томонда, шунинг учун бутун дунё бизни қўллаб-қувватламоқда», — деб Кличконинг сўзларидан иқтибос келтирди «Гордон» нашри.

«Марказий ва маҳаллий ҳукумат битта куч бўлиб ҳаракат қилиши лозим. Маҳаллий бошқармалар давлатнинг ишончли таянчи ҳисобланади. 2014 йил воқеаларини эслайлик, ўшанда биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз туфайли биз ‘рус дунёси’ни тўхтата олган эдик. Бугун яна бир бор ўз қудратимизни намойиш этиш вақти келди. Бирликдаги қудратимизни. Ўз навбатида биз — маҳаллий ҳокимият вакиллари, шаҳар ҳокимлари — мамлакатимизни ҳимоя қилиш учун барча чораларни кўришга тайёр эканимизни билдирамиз. Ҳар бир минтақада биз ҳудудий мудофаани қўллаб-қувватлаш, жамоат тартибини сақлаш ва шаҳар ҳаётини таъминлаш тизимларининг узлуксиз ишлаши учун зарур бўлган барча чораларни кўрамиз», — деб таъкидлади пойтахт мэри.

«Украина Шаҳарлар ассоциацияси сиёсий кучлар вакилларини барча зиддиятларни унутиб, партия байроқларини бир четга суриб, асосий байроқ — Украина байроғини ҳимоя қилишга чақиради. Биз Украина армиясининг қудратига ишонамиз. Биз Украина дипломатларига ишонамиз. Олд қаторда турганлар ортидагиларнинг кучли бўлишини талаб этишини ёдда тутамиз. Шундай экан, бугун бизнинг вазифамиз армиямиз ва дипломатларимиз учун кучли таянч бўла олишдир. Қарши тура олиш учун бирлашинг. Ғолиб бўлиш учун бирлашинг. Украинага шарафлар бўлсин», — деди Кличко.

30 март куни Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Руслан Хомчак Россиянинг Украина чегараларида ва Қримда қўшинларини фаол кўпайтираётгани, бу эса «давлатнинг ҳарбий хавфсизлигига таҳдид солаётгани» ҳақида айтган эди.

Украина разведкасининг маълумотларига кўра, Россия Донецк халқ республикаси (ДХР) ва Луганск халқ республикаси (ЛХР) ҳудудларига мунтазам бўлинмаларни киритишни режалаштиряпти, шунингдек, Россия қўшинларини Украина ҳудудига олиб киришга ҳаракатини ҳам истисно қилмади.

Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулебанинг сўзларига кўра, Россиянинг Донбассдаги ҳозирги эскалацияси (урушда қўшинлар сонининг босқичма-босқич кўпайтирилиши) сўнгги йиллардаги энг йириги ҳисобланади. АҚШ Оқ уй ва Давлат департаменти маълумотларига кўра, Украина чегарасидаги Россия қўшинларининг сони 2014 йилдан буён энг юқори кўрсаткичга чиқди.

Донбассдаги вазият туфайли АҚШнинг Европадаги қуролли кучлар қўмондонлиги юқори тайёргарлик эълон қилди.

13 апрель куни Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу Россиянинг «ғарбий чегаралари»га иккита армия ва ҳаво-десант қўшинларининг учта бирлашмаси жойлаштирилганини тан олди. Унинг сўзларига кўра, ҳарбийлар «қўшинларнинг назорат текшируви»да қатнашяпти. Шунингдек, Шойгунинг таъкидлашича, Россия НАТОнинг «таҳдид солувчи ҳарбий ҳаракатлари»га жавобан «чоралар кўрмоқда».

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Дунё » Киев мэри Виталий Кличко уруш хавфи туфайли украиналикларга мурожаат қилди