09:00 / 17.06.2021
1 460

Путин Женевада Байден билан учрашди ёхуд Путиннинг матбуот анжуманидаги жавоблари

Путин Женевада Байден билан учрашди ёхуд Путиннинг матбуот анжуманидаги жавоблари

16 июн куни Россия президенти Владимир Путин Женевада АҚШ президенти Жо Байден билан учрашди. Владимир Путин ва Жо Байден музокаралари қарийб тўрт соат давом этди — 1 соат 45 дақиқа давомида тор доирадаги учрашув бўлиб ўтди, танаффусдан сўнг президентлар кенг доирада учрашув ўтказди. Учрашув якунига етганидан сўнг Россия президенти журналистларнинг саволларига жавоб берди.
Фото: Reuters

Музокаралар натижалари
«Америка ва Россия элчилари ўз иш жойларига қайтади».
Стратегик барқарорлик бўйича қўшма баёнот имзоланди: «Биз ядровий урушда ғолиблар бўлмаслиги ва бу уруш ҳеч қачон юз бермаслиги тамойилига содиқлигимизни тасдиқлаймиз».
«Маҳбуслар алмашиш масаласида муросага келишимиз мумкин. Россия ташқи ишлар вазирлиги ва АҚШ давлат департаменти бу йўналишда ишлайди».

Байден тўғрисида
«Тажрибали, конструктив етакчи, ҳамма раҳбарлар билан ҳам бундай батафсил суҳбат бўлавермайди».
«Менда у билан «битта тилда» суҳбатлашгандек таассурот ҳосил бўлди».
«Байден ҳозирча мени меҳмонга таклиф қилмади, мен ҳам бундай таклиф билан чиқмадим. Бунинг учун маълум бир шароит пайдо бўлиши керак».
Фото: Reuters
Байденнинг Путинни қотил дегани тўғрисида 
«Кескин баёнот борасида: нима ҳам дердим, бу баёнот ҳақида ҳаммамиз биламиз. Шундан кейин Байден менга қўнғироқ қилди, гаплашиб олдик. Унинг изоҳлари мени қаноатлантирди».
«Ким ва қаерда ҳамда нимада айбдорлиги, ким қотиллиги борасида: Америка шаҳарларидаги кўчаларда ҳар куни кимнидир ўлдиришади, жумладан, турли ташкилотлар етакчиларини ҳам. У ерда бир сўз айтишга улгурмайсан – ё кўксингдан ё ортингдан ўқ узишади».
«Гуантанамо ҳалигача ишлаяпти. Бу на халқаро ҳуқуққа, на Америка қонунларига тўғри келади. Лекин ҳалигача мавжуд».

Россиядаги мухолифат тўғрисида
«Хориж агенти» мақоми ташкилотларнинг фаолият юритишини тақиқламайди».
«Улар (Алексей Навальнийнинг коррупцияга қарши курашиш фонди) ноқонуний акцияларга даъват қилгани учун экстремистик ташкилот деб тан олинган, улар кўчадаги тадбирларга вояга етмаганларни очиқчасига чақирган, бу эса қонунга хилоф. Улар «Молотов коктейллари»ни қандай тайёрлашни очиқчасига ўргатишган».
«ОАВни хориж агенти деб тан олиш жавоб қадами бўлди. RT АҚШнинг барча талабларини бажармоқда, аммо у ерда хориж агенти деб тан олинди, Американинг қатор ОАВлари эса Россия қонунларининг барча моддаларини бажармай келмоқда».

Украина тўғрисида
«Россия зиммасида Украина бўйича фақат битта мажбурият бор — Минск келишувларини амалга ошириш, агар Киев тайёр бўлса».

Киберхавфсизлик тўғрисида
«Биз бу масалада маслаҳатлашувлар ўтказишга келишиб олдик. Менимча, бу жуда муҳим. Ким қандай ҳажмдаги мажбуриятларни зиммасига олиши музокаралар жараёнида ҳал қилинади».
«Россия ҳам ана шундай таҳдидларга дуч келмоқда, хусусан, соғлиқни сақлаш тизимига нисбатан. Ҳужумлар қаердан амалга оширилаётганини, бу иш АҚШ кибермаконидан мувофиқлаштирилаётганини кўриб турибмиз».
Фото: Reuters
Россия ва АҚШ муносабатлари тўғрисида
«Лев Толстой шундай деганди: «Ҳаётда бахт йўқ, унинг учқунлари бор. Уларни қадрланг». Ҳозирги вазиятда қандайдир оилавий ишонч бўлиши мумкин эмас, аммо унинг «учқунлари» чақнади».
«Вашингтонда Москва билан муносабатларни ривожлантириш тарафдорлари ҳам, бунга қаршилар ҳам бор. Қайси кучлар устунлигини айта олмайман. Икки томонлама саммитдан сўнг Америка томонидан янги чекловларга қадам қўйилиши имкониятнинг бой берилишини англатади».

Путин Байден Женева

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Дунё » Путин Женевада Байден билан учрашди ёхуд Путиннинг матбуот анжуманидаги жавоблари