16:33 / 17.08.2021
2 352

Ашраф Ғани Афғонистонни тарк этиш қарори ҳақида деярли ҳеч кимга айтмаган

Ашраф Ғани Афғонистонни тарк этиш қарори ҳақида деярли ҳеч кимга айтмаган
Фото: Reuters
Афғонистон президенти Ашраф Ғани мамлакатни тор доирадаги ишончли одамлари билан бирга тарк этиб, бу ҳақда мамлакатнинг бошқа сиёсий етакчиларини огоҳлантирмаган, деб хабар бермоқда Associated Press.

«Ғани президент саройини ўзининг тор доирадаги ишончли одамлари билан тарк этди ва ҳатто ўша пайтда ҳокимиятни ‘Толибон‘га тинч йўл билан топшириш борасида музокаралар олиб бораётган бошқа сиёсий етакчиларни ўзининг кетиш ниятидан хабардор қилмаган», — дея маълум қилди агентлик.

Ғани айнан қаерга учиб кетгани ҳозирча номаълум. Ижтимоий тармоқларда у афғонлар ҳаётини сақлаб қолиш учун кетганини ёзган, аммо қаерда эканини айтмаган. «Агар қолганимда, чексиз сондаги ҳамюртларим ҳалок бўлган, Кобул эса вайрон бўлиш хавфига дуч келган бўларди, бу эса унинг олти миллионлик аҳолисининг ҳалокатига олиб келарди», — деб ёзди у.

Афғонистон ҳукумати собиқ маслаҳатчиси Торек Фарҳодий агентликка маълум қилишича, Ғани ўз раҳбарлигини тажовузкор тарзда олиб борган ва ўз нуқтаи назаридан фарқ қилувчи фикрларни тингламаган. «У жуда кичик доирадаги одамлар билан ишларди, улар доим ‘хўп’ деб турарди, улардан олган мамлакат ҳақидаги янгиликларни фильтрларди», — деди у. Унинг сўзларига кўра, Ғани Қуролли Кучларда ва ҳукуматда тажрибали одамларнинг барчасини ишдан бўшатиб, уларнинг ўрнига ўзига содиқ ёш ходимларни тайинлаган.

Ашраф Ғанининг карьераси
Ғани 72 ёшда, карьерасининг энг катта қисмини у чет элда, Америка университетлари академик муҳитида қурган, бир неча йил Жаҳон банкида ишлаб, 2002 йилда Афғонистонга қайтиб келган. Икки йил молия вазири бўлиб ишлаган. 2006 йилда Кофи Аннаннинг муддати тугагач, БМТ бош котиби лавозимига унинг номзоди илгари сурилган, аммо у Пан Ги Мунга мағлуб бўлган.

2009 йилда у биринчи марта президент сайловларида қатнашган ва сайловчилар овозларининг 3 фоизини қўлга киритган. 2014 йилдаги сайловлар натижалари бўйича у ўзини президент деб эълон қилган, унинг бош рақиби Абдулла Абдулла эса ўзини президент сифатида эълон қилган. АҚШ Ғани ва Абдуллага муроса таклиф қилди, давлат раҳбари лавозими охир-оқибат Ғанига тегди, Абдулла учун эса ҳукуматда янги лавозим ташкил қилинди. 2019 йилги сайловларда вазият такрорланди, якунда Ғани президентликни сақлаб қолди, Абдулла Абдулла эса Миллий ярашув олий кенгаши раисига айланди ва «Толибон» билан музокаралар учун масъул бўлди.

Эслатиб ўтамиз, 15 август куни «Толибон» бутун Афғонистон унинг назорати остига ўтганини маълум қилгач, мамлакат президенти Ашраф Ғани мамлакатдан учиб кетгани хабар берилди. TOLOnews афғон телеканалининг хабар беришича, президентнинг яқин ёрдамчилари у билан бирга.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ашраф Ғани Афғонистонни тарк этиш қарори ҳақида деярли ҳеч кимга айтмаган