17:38 / 23.08.2021
2 778

«Толибон» Афғонистон собиқ президенти Ашраф Ғанини афв этишга ваъда берди

«Толибон» Афғонистон собиқ президенти Ашраф Ғанини афв этишга ваъда берди
Фото: Bloomberg
«Толибон» гуруҳи Кобул қулашидан аввал мамлакатдан қочиб кетган президент Ашраф Ғани ҳамда вице-президент Амрулла Солиҳ ва давлат раҳбарининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Ҳамдулла Муҳибнинг хавфсизлиги таъминланишини кафолатламоқда. Бу ҳақда ҳаракат етакчиларидан бири Халилаур-Раҳмон Ҳаққоний Покистоннинг Geo TV телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

Ҳаққоний қайд этишича, мамлакатдан қочиб кетган юқори мансабли амалдорлар ҳам, оддий афғонлар ҳам амнистияга умид қилиши мумкин. «Барча афғонлар — бизнинг қардошларимиз, шундай экан, улар мамлакатга қайтиб келиши мумкин… Бизнинг душманлигимизнинг ягона сабаби тизимни ўзгартиришга бўлган интилишимиз эди. Энди тизим ўзгарди», — деди у.

15 август куни «Толибон» Кобулга кириб, президент саройини эгаллаб олди ва мамлакатдаги ҳокимиятни ўз қўлига олганини эълон қилди. Шу куниёқ Афғонистон президенти Ашраф Ғани мамлакатдан қочиб кетди. Бир неча кундан кейин у оиласи билан Бирлашган Араб Амирликларида экани маълум бўлди. 18 август куни Ғани Афғонистон халқига мурожаат йўллаб, мамлакатга қайтишга ваъда берди. Ғани бунинг учун маслаҳатлашувлар олиб бораётганини айтди, аммо айнан ким билан эканини очиқламади.

Президент қочиб кетганидан кейин у ўзи билан моддий бойликлар, шу жумладан, жуда катта қийматда нақд пул олиб кетгани ҳақида маълумот пайдо бўлди. Ғанининг ўзи бу айбловларни ёлғон ва «мутлақо асоссиз» деб атади.

Ашраф Ғани Афғонистонга 2014 йилдан бошлаб президентлик қилган. 1990 йилларда у Жаҳон банкида ишлаган, шунингдек, БМТнинг Афғонистонга гуманитар ёрдамни мувофиқлаштириш бошқармаси раҳбари бўлган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » «Толибон» Афғонистон собиқ президенти Ашраф Ғанини афв этишга ваъда берди