21:25 / 24.12.2022
1 267

Қандай қилиб соғлиққа зарар етказмасдан пошнали туфли кийиш мумкин?

Қандай қилиб соғлиққа зарар етказмасдан пошнали туфли кийиш мумкин?
Фото: Marie Claire
Остеопат Владимир Животов баланд пошнага бўлган муҳаббат нима учун хавфли эканлигини тушунтирди ва агар ундан воз кечишнинг имкони йўқ бўлса, оёқлар саломатлигини қандай сақлаш ҳақида маслаҳатлар бериб ўтди, деб ёзади Marie Claire.

Баланд пошнали туфли кийса, нималар юз беради?

Одатда одам тик турганида, унинг органлари ва бўғимларига юк бир текис тақсимланади. Аммо пошнада оғирлик маркази олдинга силжийди ва организм қандайдир тарзда юкни тақсимлаш ва мувозанатни сақлаш учун умуртқа, орган ва суякларнинг ҳолатини ўзгартиради. Маълум бўлишича, баъзи орган ва мушаклар зўриқади, бошқалари эса, аксинча, заифлашади. Агар мунтазам равишда баланд пошна кийилса — иш, сайр, дўконга, унда бу ўзгаришларнинг барчаси сурункали ҳолатга айланади. Бу шуни англатадики, пойабзал шкафга қўйилгандан кейин ҳам мушак, суяк ва ички органлар ўз жойида қолади ва аввалги ҳолатига қайтмайди.

Нима учун баланд пошна организм учун хавфли?

Ушбу сурункали ҳолат саломатликка салбий таъсир кўрсатади. Аёл баланд пошнали пойабзал кийганда, юк бутун оёққа тақсимланмайди, фақат унинг олд қисмига ўтказилади. Бу ясси оёқликнинг ривожланишига олиб келиши мумкин. Бундан ташқари, доимий зўриқишдан оёқ териси қалинлашади ва қадоқлар пайдо бўлади. Қолаверса, мушакларнинг доимий зўриқиши қон айланишининг бузилишига ва оёқларда оғриқларга олиб келади, келажакда бу варикоз томирлари чиқишига сабаб бўлиши мумкин. Шубҳасиз, бундай туфлилар умуртқа поғонаси билан боғлиқ барча муаммоларни янада кучайтиради.

Баланд пошнали туфлиларнинг салбий таъсирини қандай камайтириш мумкин?

Остеопатнинг таъкидлашича, баланд пошнали пойабзал бу ҳар кун учун мўлжалланмаган. Албатта, ҳамма нарса индивидуалдир: кўп нарса пойабзал сифатига, аёлнинг ёшига, унинг мушак-скелет тизимининг ҳолатига боғлиқ. Аммо умуман олганда, тавсия қуйидагича: агар пошна 6 сантиметрдан юқори бўлса, кунига икки соатдан кўп бўлмаган ҳолда кийиш мумкин. Мунтазам кийиш учун кичик товони бўлган пойабзал жуда мос келади. Оёқ ердан 2-3 сантиметрга кўтарилиши керак: бутунлай текис таглик ҳам тўпиқлар учун зарарли. Агар образ пошнали пойабзалларни талаб қилса, дам олиш учун вақт ажратиш лозим, масалан, столда ўтирганда оёқ кийимни ечиб қўйиш мумкин.

Баланд пошнада ўтказган кундан кейин оёқларга қандай ёрдам бериш керак?

Уйга қайтганда, биринчи навбатда, оёқ кийимни ечиш керак. Сўнгра бутун оёқни кучли мушт билан ишқалаш лозим. Массаж гиламчасида яланг оёқ юриш тавсия этилади. Иссиқ оёқ ҳаммомини олиш ҳам фойдали. Ушбу кичик, аммо самарали машқлар тўплами баланд пошнали пойабзалдан чарчаган оёқларга муносиб дам беради.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Қандай қилиб соғлиққа зарар етказмасдан пошнали туфли кийиш мумкин?