Энг янги ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилишда асқатадиган 10 та маслаҳат
Ҳозирги кунда ҳар қадамда дўконларга дуч келасиз, маҳсулотларни танлаш имконияти ҳам жуда катта, лекин баъзида бу осон бўлмайди: муддати ўтган, яхши пишмаган ёки бемаза мева ва сабзавотларни харид қилиб қўйиш мумкин.
AdMe нашри соғлиғимиз ва пулимизни қадрлаган ҳолда энг янги ва энг соғлом озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олишимизга ёрдам берадиган бир нечта сирларни баҳам кўради.
Зайтун
Зайтун танлашда данаги борини олган маъқул. Чунки данаги олиб ташланган зайтун шўр сувга солинган бўлади. Ичига тузли сув кирган мевалар бўтқа ҳолига келиб қолиши мумкин. Бундан ташқари, зайтуннинг ҳақиқий таъми ҳам бузилади.
Лосос
Парадоксни қарангки, янги балиқ жуда ўткир ҳидга эга бўлмаслиги керак. Агар бунинг акси бўлса, у эскирган бўлиши мумкин.
Яна бир белги — рангида. Фермер хўжалигида етиштирилган лосос одатда оч пушти рангда, ёввойи лосос эса қуюқроқ рангда бўлади. Гўшти юзасида кулранг ёки жигарранг доғлар мавжуд бўлса, бу ҳам балиқнинг жуда узоқ вақт давомида сақланганини кўрсатади.
Хурмо
Янги хурмо озроқ буришган бўлиши, аммо жуда қаттиқ бўлмаслиги керак. Қуритилган мева этли ва бироз ялтироқ кўринишга эга бўлгани яхши. Уларда шакар кристаллари ва оқ доғлар бўлмаслиги керак, чунки бу нарсалар меванинг сифати аллақачон бузилганини кўрсатади.
Саримсоқ
Агар сотувчи саримсоқнинг янги эканлигини даъво қилса, буни унчалик сезилмайдиган ҳидидан аниқлаш мумкин. Агар саримсоқ ўткир ҳидли бўлса, эҳтимол, сабзавот эски ёки нотўғри сақланган. Унда ҳатто чириш жараёни бошланган бўлиши мумкин.
Лавлаги
Лавлаги сотиб олаётганда барглари бўлган илдизмеваларни танлаган яхши: баргларидан сабзавот янги эканлигини аниқлаш осон. Лекин лавлаги ҳар доим ҳам баргли бўлавермайди, шунинг учун унинг ҳажмига ва илдизига эътибор бериш керак. Жуда илдизли бўлмаган кичик лавлагини танлаган маъқул, катталари эса кўпинча қаттиқ ва бемаза бўлади.
Бедана тухуми
Бедана тухумини танлашда биринчи навбатда қобиқ ҳолатини диққат билан текшириш, синмаганига ишонч ҳосил қилиш керак. Яроқлилик муддатини билиш ҳам фойда беради: хона ҳароратида 30 кунгача ва музлаткичда 60 кунгача. Агар санаси бўлмаса, унда тухумларнинг янгилигини вазни бўйича аниқлаш мумкин. Янги тухум 10-12 граммгача бўлади. Агар вазни анча кам бўлса, бу бедана тухумлари (бошқа турдаги тухумлар каби) аллақачон эскира бошлаганини англатади.
Авокадо
Асосий рангдан фарқ қиладиган ҳар қандай доғлар мевада бирор нарса нотўғри эканлигини кўрсатади. Постлоғи тўқ рангда бўлган авакадоларни олмаган маъқул, чунки бу кўпинча мева чирий бошлаганини билдиради. Шунингдек, мева бандига яқин жойни босиб кўришингиз ҳам мумкин: агар эзилса, мева ҳаддан ташқари пишиб кетган.
Тузланган карам
Кўпчилик тузланган карамни нафақат таъми, балки организмга фойдали таъсир кўрсатадиган пробиётикларни ўз ичига олганлиги учун ҳам яхши кўради. Аммо уларнинг ҳаммаси ҳам бир хил даражада фойдали эмас. Энг яхшиси тузланганига 3 ҳафтадан ошган карам. Унинг таркибида сирка бўлмаслиги керак, чунки у сут кислотаси бактерияларининг кўпини ўлдиради.
Анор
Баъзида анор сотиб олганда ичи рангпар ва нордон бўлиб чиқади. Бунга йўл қўймаслик учун қуйидагиларга эътибор бериш керак: меванинг шакли мукаммал юмалоқ бўлмаслиги лозим. Бурчакли, пўстининг силлиқлиги ва эластиклиги ҳам етилган мева белгиси ҳисобланади.
Лимон
Аввало яхши лимонни оғирлиги ва қобиғининг қалинлигидан аниқлаш мумкин. Ташқи кўринишидан мева кичик кўриниши мумкин, аммо оғир бўлиши керак. Шунингдек, юпқа пўстлоғи ва банди ёнида чуқурча бўлса, лимон таркибида юқори миқдорда минераллар борлигини англатади.
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг