Иштаҳанинг яхшилиги саломатлик белгисидир. Очлик ҳиси етишмаслиги турли муаммолардан тортиб анорексияга қадар олиб бориши ҳеч гап эмас. Агар кетма-кет бир неча кундан ортиқ меъёрда овқат емасангиз, иштаҳангизни қандай ошириш ҳақида ўйлаш вақти келди.
Иштаҳани қандай ошириш мумкин: фойдали маслаҳатлар
Иштаҳани йўқотиш стресс ва бошқа муаммолар туфайли юзага келади. Ўзингизни мажбурлаб овқатланишингиз шарт эмас. Муаммони ҳал қилишингиз ва организмни яна овқат сўрашга ундашингиз керак.
Организмни овқат ейишга ундайдиган кичик ҳийлалар бор:
- Кам-кам, лекин тез-тез овқатланинг. Ошқозон кичик ҳажмдаги овқатни яхшироқ қабул қилади.
- Кўп миқдорда тоза сув ичинг, кунига 2 литргача. Иштаҳани йўқотишнинг энг кенг тарқалган сабабларидан бири сувсизланишдир. Чанқамасдан олдин сув ичишни унутманг. Чанқоқлик организм аллақачон сувсизлангани ҳақида сигналдир.
- Мазали ва чиройли таом тайёрланг. Идишларнинг тўғри тақдим этилишини эътиборсиз қолдирманг, ҳатто ёлғиз овқатлансангиз ҳам.
- Барча турдаги зираворлар ва ошкўклардан фойдаланинг. Улар иштаҳани оширишга ёрдам беради.
- Ҳар доим бир вақтда овқатланинг. Ширинликлар ва булочкалар каби зарарли газаклар билан иштаҳангизни бузманг.
- Витаминларни, айниқса, куз-қиш даврида ичинг.
- Агар чекувчилардан бўлсангиз, чекишни ташланг. Тамакига қарамлик иштаҳани сусайтиради.
- Фаол турмуш тарзини олиб боринг, спорт билан шуғулланинг ва очиқ ҳавода узоқ вақт сайр қилинг.
Ўртача катта ёшли одамда иштаҳасизликни қандай енгиш мумкин: халқона рецептлар
Баъзи доривор ўсимликлар иштаҳани яхшилайди. Иштаҳани қўзғатувчи воситалар орасида ўзига хос таъмга эга ўсимликлар мавжуд. Яхши иштаҳа учун баъзи рецептлар:
- 1 чой қошиқ қуритилган шувоқни 1 стакан қайноқ сув билан аралаштириб, кунига уч маҳал овқатдан олдин 3 ош қошиқдан ичинг.
- 4 та сабзи ва бир даста сув тересидан шарбат тайёрланг. Бу ичимликни кунига бир марта овқатдан ярим соат олдин ичинг.
- Овқатдан олдин кунига уч марта 1 ош қошиқ алоэ шарбати ичинг. У жуда аччиқ бўлмаслиги учун озгина асал қўшишингиз мумкин.
Шунингдек, иштаҳани барра сабзавот шарбатлари қўзғатади. Юқоридаги барча маслаҳатларга амал қилсангиз ва иштаҳангиз қайтмаса, шифокорга мурожаат қилинг.
Аввало, мутахассисга мурожаат қилиш учун соғлиқ муаммоларини истисно қилиш ва бирга келадиган ёндош касалликлар мавжуд ёки йўқлигини аниқлаш керак. Агар одам овқатдан кейин ошқозонида оғриқ ёки оғирлик ҳиссини бошдан кечирса, у ҳолда гастроэнтеролог билан боғланиш лозим. Қалқонсимон без гормонларининг қонда узоқ вақт давомида етишмовчилиги метаболизмни секинлаштиради ва очликнинг пасайишига олиб келади, бунда эндокринолог билан маслаҳатлашиш зарур.
Умумий тавсиялардан: умумий таҳлил ва биокимёвий қон тестини ўтказинг, қалқонсимон гормонлар даражасини аниқланг, ички органларнинг ултратовуш текширувидан ўтинг, гастроскопия ва талаб этилганда колоноскопия қилинг.
Иштаҳанинг умуман йўқлиги руҳий касалликнинг намоён бўлиши ёки турли хил психологик ҳолатларнинг таъсири бўлиши мумкин, масалан, депрессия, уйқусизлик, чарчоқ. Ҳар нарсадан ташвишланиш каби ҳолат марказий асаб тизимини овқат ҳазм қилишни секинлаштирадиган ва иштаҳани камайтирадиган стресс гормонларини чиқаришга ҳисса қўшади. Бундай ҳолларда психолог билан муаммони аниқлаш ва унинг сабабларини бартараф этиш, лозим бўлса, психиатрдан тўғри тиббий даволаниш курсини қабул қилиш керак.
Агар юқорида кўрсатилган муаммоларнинг бирортаси кузатилмасдан туриб, одам шунчаки овқат ейишдан бош торца, демак унда озиқ-овқатнинг таъми ва ҳидига нисбатан индивидуал хусусият бўлиши мумкин. Эҳтимол у шунчаки ўзига мос келмайдиган таомни танлайди, шу боис бу ҳолатда фақат парҳез билан тажрибалар ўтказиб кўриш тавсия этилади.
“Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг