16:17 / 19.09.2023
189

Қандай қилиб сабзавотларни узоқ вақт барра ҳолатда сақлаш мумкин?

Фото: Getty Images
Янги узилган райҳонни тўйиб ҳидлаш ёки помидорни тишлаб ейишнинг завқини ҳис қилиш ҳаммага бирдай ёқса керак. Лекин бу тез айнийдиган маҳсулотларни то истеъмолгача сақлаб туриш ҳам осон эмас. Эътиборсизлик билан айниб қолган мева ва сабзавотлар нафақат чўнтакка зарар, увол ва атроф-муҳитга ҳам зарари бор.

Дунё бўйича ҳар йили ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг учдан бир қисми чиқиндига ташланади. Бир йилда жами 1,3 млрд тонна озиқ-овқат исроф бўлади. Бу, албатта, иқтисодий, ижтимоий ва экологик харажатларга олиб келади.

2 хил вазият: кимдир яхши ҳолатдаги маҳсулотни сақлай олмагани учун чиқиндига ташлаши мумкин, яна кимдир эса тўйиб овқатланиш имконига эга эмас. Статистикага кўра, 815 млн одам тўйиб овқат ейиш имконига эга эмас.

Бундай маълумотдан кейин сизда ҳамма маҳсулотлар бадастир бўлса, уни тўғри сақлаш ва исроф қилмасликка ҳаракат қилиш – тўғри вариант.

Пластик идишда маҳсулот сақламаслик ҳақида

Музлаткичдаги қатор ҳолатлар озиқ-овқатнинг янги сақланишига таъсир қилади. Ҳарорат, маҳсулот қандай қадоқлангани, ҳаво айланиши, намлик даражаси кабилар шулар жумласидан”, дейди озиқ-овқат бўйича мутахассис Бриан Чау.

Дўкон расталарида оралаб юрганда кўплаб маҳсулотлар пластик идишлар ёки ўрамларда сақланаётганини кўриш мумкин. Лекин бу ҳар доим ҳам тўғри эмас.

Масалан, қўзиқориннинг таркиби 70-90 фоиз сувдан иборат. Уни пластик ўрамга солганда эса буғланиш ҳодисаси вужудга келади. Қўзиқорин табиатан сувли маҳсулот бўлгани учун уни пластикда сақлаш тезроқ эскиришига сабаб бўлади. Агар қўзиқоринни сотиб олмоқчи бўлсангиз, уни пластикдан бўшатиб қоғоз ўрамга солиб беришларини сўранг. Қоғознинг ғоваклари бўлади ва қўзиқорин унда яхшироқ сақланади”, дейди Бриан Чау.

Ёки кўкатларнинг “умрини узайтириш” учун уларнинг поясини бироз кесиб сувга солиб сақлаш ҳам мумкин.

Лекин кўкатларда эскириш аломатлари пайдо бўла бошлагач уларни фолга қоғоз тўшаб устидан қоғоз сочиқлар ёйиб кейин кўкатларни унга солишни ва қоғоз сочиқларга ўраб фолга билан ёпилган ҳолатда сақлаш мумкин. Чунки алюмин фолга қоғози намликни назорат қилишга ёрдам беради. Ҳаво оқими камайиши оқибатида кўкатлар муздек сақланади ва янгилиги таъминланади.

Музлаткичсиз сақланадиган маҳсулотлар ҳақида

Маҳсулотларни хона ҳароратида сақлаш — йилнинг қайси фасли экани ва яшаб турган жойингизнинг иқлимига қараб фарқланади. Агар тропик ёки жуда намли ҳудуд бўлса, намлик юқорилиги ҳисобига маҳсулот айниши тезлашади.

Масалан, пиёз ва саримсоқ каби маҳсулотларни музлаткичда эмас, балки хона ҳароратида ҳаво яхши айланадиган жойда сақлаш маъқул. Сабаби улар совуқни ёқтирмайди: совуқ ҳароратда саримсоқ моғорлаши, пиёзнинг крахмаллари эса тезроқ шакарга айланиши мумкин.

Помидорларни қаерда сақлаш эса уларнинг пишганлик даражасига боғлиқ. Одатда, помидорлар пишмасдан териб олинади ва расталарга етиб боргунча сақлаш вақтида пишиб етилади. Дўкон пештахталарига қўйиладиган пайт помидор айни пишиб етилган муддатга тўғри келади. Уларни сотиб олгандан сўнг музлаткичнинг қутичасида сақлаган маъқул. Сабаби музлаткич қутичаси сабзавотлар табиийлигини сақлаш учун бошқа қисмларга қараганда мосроқ намлик даражасига эга бўлади.

Қандай қилиб сабзавотларни узоқ вақт барра ҳолатда сақлаш мумкин?

Фото: Flickr 

Этилен гази бор маҳсулотлар ҳақида

Кўплаб мева ва сабзавотлар ўзидан ҳидсиз ва рангсиз этилен гази ишлаб чиқаради. Бу газни, одатда, “меваларнинг етилиш гормони” деб ҳам аташади. Этилен гази кўп ишлаб чиқарувчи сифатида машҳур маҳсулот банан ҳисобланади. Аммо помидор, авокадо ва қовун ҳам этилен ишлаб чиқарувчилардир.

 

 Этилен ишлаб чиқарувчи баъзи мева ва сабзавотлар пишиб етилиш учун этилен ишлаб чиқаради, бироқ агар уларга яқинда сабзи, бодринг, брокколи кабилар сақланса, маҳсулотлар айниши тезлашиб кетади. Шунинг учун ҳам сабзавот ва меваларни алоҳида-алоҳида жойлаштириб сақлаган маъқулроқ.

Масалан, банан ва олмани биргаликда сақламаган маъқул, бу уларнинг эскириши тезлашишига олиб келади. Олмани резаворлар билан бирга сақлашни эса ўйлаб ўтириш ҳам керакмас”, дейди жаноб Чау. 

Ўзбекистонда севиб истеъмол қилинадиган картошкани эса қоронғи ва қуруқ жойда сақлаш керак. Қоғоз қути ёки саватлар картошкани солиб қўйиш учун энг яхши восита ҳисобланади. Лекин картошкани ҳеч қачон музлаткичда сақлаб бўлмайди.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Қандай қилиб сабзавотларни узоқ вақт барра ҳолатда сақлаш мумкин?