Иш кунингиз битта жойда ўтириш билан ўтадими? Сизга нохуш хабарни етказишга мажбурмиз. Бу юрак-қонтомир тизими касалликлари, остеопороз, диабет, липид алмашинувининг бузилиши, ҳаттоки деменцияга олиб келиши мумкин.
Ҳафтасига 3 марта машғулотлар залига бориш орқали санаб ўтилган муаммоларнинг олдини олиш қийин. Тадқиқотларнинг кўрсатишича, машғулотлар сизга фойда бермайди: кунига 10 соат ўтириш хавфини бартараф этиш учун ора-сирада жисмоний машқлар билан шуғулланишнинг ўзи етарли эмас. Бундай ҳолатда нима қилиш мумкин дейсизми?
Экспертларнинг қуйидаги тавсиялари сизга ёрдам беради деган умиддамиз.
Танаффус қилинг
“Бу ерда тушлик учун ажратилган танаффусни назарда тутганимиз йўқ. Ҳар соатда 5-10 дақиқадан танаффус қилишга одатланинг. Ўрнингиздан туриб ҳаракатланиш вақти келганини эслатиши учун телефонингиздаги таймерни созлаб қўйинг. Таймер жиринглаган вақтда иш жойингиздан узоқлашиб, оёқларингиз чигалини ёзинг, имкон бўлса тоза ҳавога чиқинг”, – дейди тиббиёт фанлари доктори Конор O’Флинн.
Фаол бўлинг
Узоқ вақт давомида ўтириб ишлагандан кейин унинг ортидан келадиган хавф даражасини камайтириш учун ҳар куни жисмоний машқ қилинг. Бунинг учун машғулотлар залига боришингиз шарт эмас, тонгда ёки ишдан уйга қайтаётган вақтингизда пиёда юришнинг ўзи етарли бўлади (Ҳа, шифокорлар сизга ўша, синалган ва энг фойдали усул – бир неча бекат оралиғидаги масофани пиёда босиб ўтишни тавсия қилишади).
Тўғри овқатланинг
Тиббиёт фанлари доктори Сони Шерпанинг айтишича, узоқ вақт мобайнида ўтириб ишлайдиган одамларга одатий нонушта, тушлик ва кечки овқат тартиби эмас, махсус таомнома асосида овқатланиш тавсия этилади. “Кун давомида 3 марта тамадди қилишнинг ўрнига кам-камдан овқатланиш танадаги қувватни бир меъёрда ушлаб туриш ва керагидан кўп еб юбормасликка ёрдам беради”, – дейди Сони.
Иш жойини тўғри жиҳозланг
O’Флинн иш кунининг асосий қисмини ўтирган ҳолатда ўтказувчи инсонларга ортопедик курси харид қилишни тавсия этади. Ортопедик курси бел ва умуртқа поғонасига тушаётган босимни камайтиришга ёрдам беради. “Компьютер экрани ҳам керакли баландликда эканлигига эътибор қаратинг, бу кўзларни зўриқтириб қўймаслик учун зарур”, – дейди у.
Чўзилиш машқларини бажаринг
Чўзилиш машқлари узоқ вақт давомида ўтириб ишлайдиган одамларга ўзларини яхшироқ ҳис қилишларига ёрдам беради. “Курсидан турмаган ҳолатда бажариш мумкин бўлган бир нечта оддий машқлар бор”, – дейди ЎФлинн. Аввал пастга, кейин эса ён томонга эгилиб, бошингизни, тос соҳасини айлантиринг, кўкракни кериб, тўйиб нафас олинг – ушбу машқлар жамланмаси бир неча дақиқа вақтингизни олса-да саломатлигингизга беҳисоб фойда келтиради”.
“Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг