Жаҳон прогноз марказларининг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, Урал ва Ғарбий Қозоғистон орқали Россиясининг шимолий Европа ҳудудларидан 9—10 декабрь кунлари Ўзбекистоннинг шимолий ҳудудларига, 11—12 декабрда эса бутун республика ҳудудига жуда совуқ ҳаво массаси кириб келиши кутилмоқда. Совуқ об-ҳавода организмда қандай ўзгаришлар юз беради? Нима учун қишда бошни, лаб ва қўлларни ҳимоя қилиш керак? Қуйида Elle нашри эксперти Дэниел Аткинсон маълумотларига асосланиб ушбу саволларга жавоб излаймиз.
Маълум бўлишича, паст ҳарорат организмнинг турли қисмларига турли хил таъсир кўрсатади.
Мия
Миядаги гипоталамус совуққа сезгир нерв сигналларига жавоб беради, тана ҳароратини тартибга солиш ва муҳим органларни иссиқ тутиш учун гормонлар чиқаради. Шу билан бирга, паст ҳароратдан қон томирлари тораяди. Организм узоқ вақт давомида қаттиқ совуққа (гипотермия) таъсир қилганда, гипоталамуснинг функцияси фикрлаш жараёнига таъсир қилиши мумкин, шунинг учун совуқдан музлаган одам аниқ фикрлаш қобилиятини йўқотади.
Юрак
Қиш мавсумида исиниш учун кўпроқ кислород олиш ва ҳаётий органлар атрофида кўпроқ қон айланиши керак бўлади, шунинг учун юрак бу эҳтиёжни қондириш учун тезроқ ишлайди.
Оёқ ва қўл бармоқлари
Қон айланишининг бузилиши, айниқса, қўл ва оёқ бармоқларига таъсир қилади. Бу дарҳол сезилади, чунки бармоқлар оқариб, кейин кўк рангга киради, увушиш ва охир-оқибат музлашга олиб келади. Мураккаб ҳолатларда узоқ вақт давомида салбий ҳароратга дучор бўлган тўқималар ўлиши мумкин (некроз бошланади) ва бу жарроҳлик йўли билан олиб ташлашни талаб қилади.
Соч
Гипоталамус томонидан чиқариладиган гормонлар инсон терисида изолятор вазифасини бажаради ва тана ҳароратини ушлаб туради. Совуқда сочлар тана ҳароратидан ажралиб қолади ва терида совқотиш пайдо бўлади.
Бурун
Бурун ичидаги тери совуқ ҳавода қуриб, ёрилиб, яллиғланиши мумкин.
Ўпка
Одатда бурун, оғиз ва томоқ ўпкага етиб боргунча ҳавони иситади ва намлайди. Аммо ҳаво жуда совуқ бўлса, у исинишга вақт тополмайди, бунинг натижасида нафас олиш йўлларининг мушак тўқималари қуриши ва спазм пайдо бўлиши мумкин. Бу нафас олиш ва йўталишда қийинчиликларга олиб келади. Шунинг учун қуруқ совуқ ҳаво астма хуружларини кучайтириши мумкин.
Лаблар
Совуқда лабларнинг юпқа териси қуриб, ёрилиб кетиши мумкин. Шунинг учун уни одатдагидан кўра эҳтиёткорлик билан ҳимоя қилишни унутмаслик лозим.
Мускуллар
Совуқ об-ҳавонинг дастлабки дақиқаларида организмда мушакларнинг мажбурий қисқариши пайдо бўлиши мумкин — бу организм энергия ишлаб чиқариши ва қон айланишини ошириш учун зарурдир. Шу билан бирга, енгил титроқ ҳисси кузатилади. Организм паст ҳароратга ўрганиб қолгандан сўнг титроқ йўқолади.
Томирлар
Кислородни муҳим органларга тезда етказиб бериш учун қон томирлари тораяди. Гипоталамус томонидан чиқариладиган гормонлар томирларга шундай сигнал беради — ҳаётий органларга қон оқимини таъминлаш. Аммо ўта муҳим бўлмаган органлар етарли кислород ололмайди. Организмнинг бу қисмларига оёқ-қўллар киради.
Тери
Совуқ ҳаво аллергик реакцияга олиб келиши мумкин. Бунда терида қизил, тошмага ўхшаш доғлар пайдо бўлади.
Пешоб чиқариш тизими
Совуқда ҳожатхонага тез-тез борадиган бўлсангиз, ҳайрон бўлманг. Бунинг сабаби шундаки, қон босими ортиши буйраклар қондан кўпроқ суюқликни филтрлашига олиб келади, бу эса пешоб чиқаришга бўлган эҳтиёжни ошириши мумкин.
Совуқ об-ҳавода нималар тавсия этилади?
Доктор Аткинсон совуқ ҳавода соғлиқни ҳимоя қилиш учун эҳтиёт чораларини кўриш жуда муҳимлиги ҳақида огоҳлантирди. Чунки ҳароратнинг кучли пасайишида организм касалликларга кўпроқ мойил бўлади. “Совуқда соғлиқ учун туғиладиган жиддий хавфларни билиш ва ҳимоя қилиш учун тегишли чораларни кўриш муҳимдир”, — дейди мутахассис.
“Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг