Кекса одамлар қишда терининг қизариши ва суяк синишгача бўлган кўплаб хавф-хатарларга дуч келади, сурункали касалликлар ҳам ўзини намоён қилади. Хўш, қандай қилиб уларнинг саломатлигини сақлаш керак? “Новый очаг” нашри қуйида ушбу саволга жавоб берди.
Сурункали касалликларнинг кучайиши
Фасл алмашиш пайтида кекса одамлар сурункали касалликлар кучайишининг барча белгиларидан шикоят қила бошлайди: бош оғриғи, нафас қисилиши, юрак оғриғи ва бошқа касалликлар. Бундай мавсумий кучайишнинг асосий сабаби иммунитетнинг пасайиши ҳисобланади. Иссиқ мавсум совуққа ўзгарганда, кекса одамнинг иммунитет тизими ҳақиқий стрессни бошдан кечиради. Бу ҳолатга кўплаб хавф омиллари ҳам сабаб бўлади: ҳаракатсиз турмуш тарзи, нотўғри овқатланиш, уйқусизлик, психо-эмоционал муаммолар.
Кўпинча совуқ мавсумда урологик касалликлар кучаяди, масалан, цистит ёки сийдик пуфагининг яллиғланиши. Бунинг олдини олиш учун биринчи қоида — мавсумбоп иссиқ кийим кийиш ва ортиқча совуқ қотмасликдир. Профилактик чора сифатида кўп миқдорда сув ичиш керак, бу пешоб концентрациясини камайтиради ва сийдик пуфагини ҳимоя қилади. Бундан ташқари, клюква шарбати (антибактериал хусусиятларга эга), шунингдек суюлтирилган шарбатлар ёки ўсимлик препаратларидан фойдаланиш мумкин.
Совқотиш ва гипотермия
Терморегуляция атроф-муҳит шароитидан қатъи назар барқарор ички тана ҳароратини сақлаш муҳим жараёндир. Кекса одамларда терморегуляция бузилиши хавфи юқори. Бу юрак-қон томир патологиялари, мушак тўқималари ҳажмининг пасайиши ва унинг функцияларининг бузилиши ҳамда метаболизмнинг пасайиши туфайли содир бўлиши мумкин. Жисмоний фаолликнинг етишмаслиги ҳам таъсир қилади. Шунинг учун қишда узоқ вақт ташқарида бўлиш гипотермия ва ҳатто совуқ қотишга олиб келиши мумкин. Об-ҳавога қараб кийиниш жуда муҳим, табиий матолардан тикилган кийимларни танлаш афзалроқ бўлса-да, синтетика иссиқликни яхшироқ сақлайди. Тана иситиш учун энергияга муҳтож, шунинг учун мунтазам равишда ва етарли миқдорда оқсилга бой маҳсулотлар истеъмол қилиш керак. Агар ташқари совуқ бўлса, унда камроқ кўчага чиқиш лозим, лекин тоза ҳавога чиқишдан бутунлай воз кечиш тавсия этилмайди.
Сувсизланиш
Кутилмаган факт, аммо сувсизланиш хавфи нафақат ёзда, балки қишда ҳам кузатилади. Совуқ ҳавода чанқоқ унчалик сезилмайди, лекин организмдаги суюқликка бўлган эҳтиёж камаймайди. Вазият иситиш мосламалари ёки хонадаги қуруқ ҳаво билан ёмонлашиши мумкин. Шунинг учун қишда етарли миқдорда суюқлик истеъмол қилиш ҳам жуда муҳимдир. Ўртача кунига 1 кило тана вазнига 1500-2000 мл ёки 30 мл ичиш тавсия этилади.
Шамоллаш
Қиш шамоллаш ва грипп мавсумидир. 65 ёшдан кейин инсон иммунитет тизимида ўзгаришлар бошланади ва заифлашади. Биргаликдаги сурункали касалликлар туфайли организм инфекцияни бартараф эта олмайди, асоратлар пайдо бўлади. Натижада грипп эпидемияси даврида сурункали ўпка касалликлари ва юрак-қон томир патологиялари бўлган кекса беморларда ўлим хавфи ўн баробар ортади. Шунинг учун совуқ мавсумда соғликка алоҳида эътибор бериш, жисмоний фаолликни сақлаш ва тўғри овқатланиш керак. Эмлаш грипп ва пневмониядан ҳимоя қилишга ёрдам беради.
Тери қуриши ва қизариши
Қишки совуқлар терининг қичишиши ва қизаришини келтириб чиқариши мумкин. Тери узоқ вақт давомида шамол, совуқ ва намликнинг салбий таъсирига дучор бўлади. Нозик ва қуруқ терига кўпроқ эҳтиёткорлик билан ғамхўрлик қилиш ва намлаш, тозалаш ва юмшатиш учун махсус маҳсулотлардан фойдаланиш керак. Бундай ҳолда, озиқлантирувчи ва юмшатувчи кремлар ёрдам беради.
Камдан кам ҳолларда терининг қичишиши қизил тошма билан бирга кузатилиши мумкин. Бу совуққа аллергиянинг одатий белгилари. Ўзбошимчалик билан даволаниш ёки халқона усуллардан фойдаланиш самарасиз. Профилактик чораларга риоя қилиш тавсия этилади: кўчага чиқишдан олдин терига ҳимоя креми, лабларга балзам суртиш, совуқда имкон қадар юз ва қўлларни ёпиш, рационда А, E, B гуруҳи, темир, калций, рух, калий, селен витаминларига бой маҳсулотларининг бўлиши.
Йиқилиш туфайли келиб чиққан жароҳатлар
Куз-қиш даврида қарияларда йиқилиш ва шикастланиш хавфи сезиларли даражада ошади. 65 ёшдан ошган одамларнинг деярли учдан бир қисми ва 80 ёшдан ошганларнинг ярми йилига камида бир марта бу ҳодисани бошдан кечиради. 85 ёшдан ошган ҳар иккинчи одам йиқилишдан кейин мустақил ҳаракат қилиш қобилиятини йўқотади. Остеопорозли одамлар учун йиқилиш жуда ҳам хавфлидир. Суяк зичлигининг пасайиши туфайли жиддий жароҳатлар пайдо бўлиши мумкин. Шунинг учун қишда тоймайдиган тагликлари бўлган қулай пойабзал кийиш тавсия этилади. Мушакларни мустаҳкамлаш ва мувозанатни яхшилаш учун машқлар бажариш фойдали бўлади. Рационга калций ва D витаминига бой маҳсулотларини қўшиш тавсия этилади.
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг