Фото: Mykaleidoscope
Ҳеч қачон қадр-қимматини йўқотмайдиган мазкур кўникмалар ўзликни англашга, инсонлар билан тил топишишга ҳамда дунё билан гармонияни ҳис этишга ёрдам беради.
Ҳамдардлик ҳисси
Эмпатия — ҳозирги кунда кўпчилик унутиб қўйган энг асосий инсонийлик туйғуларидан бири. Бошқаларнинг дарди ва муаммоларига ҳамдард бўла олиш ҳисси одамлар билан ишлайдиган оддий ишчини биринчи даражали мутахассисга айлантиради, ходимларнинг бир жамоа бўлиб меҳнат қилишига мотивация беради ва умумий мақсадларни бирлаштиришда муҳим аҳамият касб этади.
Уйқуга тўйиш
Кун режимини тўғри ташкил қилиш уйқу сифатини оширишда муҳимдир. Ҳар куни маълум кун тартибига амал қилсангиз, қисқа муддатда уйқуга кетиш ва уйғонишга ёрдам беради.
Вақтни тўғри тақсимлаш ва режали ишлаш
Барча муҳим ишларга улгуриш, кунни мазмунли ўтказишда тайм-менежмент кўникмаси керак бўлади. Бунинг учун барчага бирдек мос келадиган муайян режим йўқ. Ўзингизга қулай ва тўғри келадиган тартибни танланг ва унга доимий амал қилишга ҳаракат қилинг.
Ёрдам сўраш
Ёрдамга муҳтож бўлиб қолганингизни англаш ва уни ўзгалардан сўраш кўпчилик учун мураккаб бўлиши мумкин, чунки ҳеч ким ўзини заиф кўрсатишни истамайди. Бироқ психологларнинг фикрича, ёрдам сўраш орқали биз инсонларнинг билим ва тажрибасига бўлган ишончимизни кўрсатамиз, уларнинг меҳрини қозонамиз.
Ички позитив диалог
Ўзгалар биз ҳақимизда қандай фикрда эканлиги муҳим эмас. Асосийси, инон ўзлиги билан яхши мулоқотда бўлиши, ҳурмат қилишидир. Атрофдагилар сизга ишонч билдирмаганда ҳам ўзингизга бўлган ишончнинг сўнмаслиги каби кўникмани ҳосил қилиш учун узоқ вақт талаб этилади. Шу сабабли ички “мен”ингиз билан позитив диалог қилиш зарур.
Бугунги кундан завқ олиш
Камдан-кам ҳолатда инсонлар ҳозирги дақиқани ҳис этиб яшайди — барча келажак ташвиши ёки ўтмиш изтироби билан овора. Бундай ҳолат бизга тўлақонли бахтни ҳис этишимизга халақит беради.
Изчиллик билан ҳаракат қилиш
Ҳар қандай соҳада муваффақиятга эришишда ҳаракатлар изчиллиги муҳимдир. Инсонлар кўпинча маълум поғонага етгач ҳаракат қилишдан тўхтаб қолади. Аммо юқори даражани сақлаб қолиш учун доимий изланиш ва меҳнат қилиш талаб этилади.
Ўзгалар ишига аралашмаслик
Бошқалар ишига бурун суқиш орқали уларга ёрдам бера олмайсиз, бекорга вақт ва куч сарфлаганингиз қолади. Буни эслаб қолиш учун эса баъзан узоқ вақт кетади.
Суҳбатдошни тинглай олиш
Иш вақтида суҳбатдошингиз гапларини турли чалғитувчи омиллар сабабли доим ҳам тўлиқ эшитишга улгурмайсиз. Агар суҳбатдошингиз айтаётган маълумотни хотирада яхши сақлаб қолишни истасангиз, унинг баъзи ибораларини такрорлаб қўйинг.
Сукут сақлаш
Ўз вақтида тилни тийиш нохуш вазиятларнинг олдини олиши мумкин. Жаҳл чиққанда, етарли маълумотга эга бўлмаганда ёки ҳаяжонланганда сукут сақлаш фойдадан холи эмас.
Ғийбатдан йироқ бўлиш
Ишонч — ҳар қандай муносабатларнинг асоси. Ғийбат ва инсонлар ортидан ёмонлаш ҳар қандай ишончга путур етказади. Ғийбат қилаётганлар орасидамисиз, шунчаки уларни эшитманг ёки “Гапингизни бўлганим учун узр, лекин мен бу ҳақда билишни истамайман” дея ғийбатга қарши эканлигингизни билдиринг.
Ўй-хаёлларни бошқариш
Бирор ишни бажаришда ва натижага эришишда фикр ва хаёлни маълум жараёнга йўналтира билиш лозим. Албатта, бунга ўтмишдаги тажрибамиз катта таъсир кўрсатади, бироқ ўтмиш келажакни белгилаб бермаслиги керак.
Янги тилларни ўрганиш
Тил билиш нафақат хориждаги инсонлар билан мулоқот қилишга ёрдам беради, балки чет эл манбаларига мурожаат қилиш, ўзгача фикрлаш ва ҳаётга бошқача назар билан боқиш имконияти пайдо бўлади.
Омма олдида нутқ сўзлаш
Аксарият инсонлар омма олдида сўзлашга уялади, ботина олмайди, уларни чуқур ҳаяжон эгаллайди. Ҳатто таниқли тадбиркор Уоррен Баффет ҳам омма олдида нутқ сўзлашга жуда қийналган. У бундай қўрқувни енгиш учун кўпроқ машқ қилишни маслаҳат беради.
Холис бўлиш
Инсонлар билан очиқча суҳбат қуриш қийиндек. Баъзан уларни ғазаблантирса ҳам муҳим бўлган ҳақиқатни айта олиш қобилияти ғамхўрликнинг бир тури ҳисобланади.
Ўзингизга нисбатан холис бўлиш
Кўпинча хатойимизни англаш ва уни тан олиш мураккаб бўлади. Шуни унутмангки, барча инсонлар хато қилади. Асосийси ундан сабоқ олиш ва мазкур хатоликни бошқа такрорламаслик лозим. “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
2026 йилда бўлажак мундиалнинг фаворитлари рейтинги тақдим этилди
Украина Курск областида эгаллаб олган ҳудудларининг 40 фоиздан ортиғини йўқотди
Мeтаболизм секинлашганининг белгилари
Туркия ўзининг биринчи квант компютерини тақдим этди
Италия суди Қуддус Исроил пойтахти эмаслиги ҳақида қарор чиқарди
Ҳусийлар Исроил авиабазасига гипертовушли ракета билан зарба берди
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
Қирғизистон аҳолиси сони эълон қилинди