13:19 / 23.05.2024
191

Барча нарсани эслаб қолишнинг 5 та самарали усули

Барча нарсани эслаб қолишнинг 5 та самарали усули
Фото: Getty Images
Машҳур италиялик олим ва ёзувчи Умберто Эко ўлимидан бир оз аввал ҳозирги ёш авлоднинг хотираси паст эканлигини қайд этган. Бугунги кунда ўқиш пайтида катта ҳажмдаги маълумотларни ёдлаб қолишнинг ҳожати йўқ, чунки барча маълумотларни интернет орқали қидириш ва телефонда сақлаб қўйиш кифоя. Аммо замонавий тараққиёт биз билан шафқатсиз ўйин ўйнаши ва бу келажакка салбий таъсир этиши мумкин, дея огоҳлантирди Эко.

Америкалик олимларнинг фикрига кўра, инсонлар одатда хотиранинг 10 фоиздан кам қисмидан фойдаланади. Ёш ўтгани сари эслаб қолиш қобилияти сусаяди ва 45-50 ёшдан бошлаб когнитив функция пасаяди. Эслаб қолиш қобилиятини яхшилаш устида ишлаш Альцгеймер ва ақли заифлик каби касалликларнинг олдини олади. Бунинг учун бугуннинг ўзидаёқ хотирани мустаҳкамлаш машқларини бошлаш мумкин.

Онгли равишда диққатни қаратиш ва такрорлаш

Фото: Marie Claire
Австралиялик олим, ассоциатив психология профессори Муаиринн Ириш бош миянинг ёдда сақлаш механизмини қуйидагича тушунтириб берди: кўпчилик хотирани барча маълумотлар сақланадиган жавон сифатида тасаввур қилади. Аслида барчаси мураккаброқ тузилган. Ёдда сақлаш пассив эмас, балки онгли жараёндир. Хотирада бирор маълумотни сақлаб қолиш диққатни жамлашни талаб қилади.

Китобдаги саҳифани шунчаки ўқишнинг ўзи етарли эмас. Бунинг учун диққатни жамлаш ва олинган маълумотни такрорлаш керак. Чунки такрорлаш ёдлашнинг энг кенг тарқалган ва ишончли усули ҳисобланади.

Бирор инсон билан танишиб, сўнг 5 дақиқа ичида суҳбатдошнинг исмини унутиб юбориш ҳолати сизга танишми? Бундай ҳолатда суҳбатдошингиз исмини бир неча марта такрорлаш, унга исми билан мурожаат қилиш маълумотни узоқ муддатли хотирада сақлаб қолишга ёрдам беради. Шунингдек, ўзлаштирилган маълумотни бирор шахсга айтиб ва тушунтириб бериш усули ҳам фойдалидир.

Тўғри овқатланиш тартибига риоя қилиш

Фото: Marie Claire
Соғ танда соғлом ақл бўлганидек, агар сиз мунтазам равишда соғлом турмуш тарзига риоя қилсангиз, хотира муаммоларидан халос бўласиз. Хотира учун суперфудлардан омега-3 ёғ кислоталарига бой балиқ таомлари, исмалоқ, авокадо, лавлаги, кўкатлар, грек ёнғоғи ва ловия каби антиоксидантли мева ва сабзавотларни истеъмол қилиш тавсия этилади. Қизил гўшт, шакар ва глютенли маҳсулотлар эса хотирани сусайтиради.

Бир вақтда бир нечта вазифани бажармаслик

Фото: Marie Claire
Ҳозиргина қўлингизда турган калитни қаерга қўйганингизни эслай олмаяпсизми? Кўпчиликка таниш бундай ҳолат бир вақтнинг ўзида бир нечта иш ва предметга эътибор қаратиш туфайли содир бўлади. Тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, бирор кундалик маълумотни яхши эслаб қолиш учун 8 сониялик эътибор керак. Continuous partial attention — доимий равишда диққатни ўзгартириш бош мияга маълумотлар юзаки тарзда етиб боришига сабаб бўлади ва ҳеч нарса хотирада қолмайди. Интернет-браузерингизда бир вақтнинг ўзида бир нечта ойнани очмаслик ва телефонга келадиган сигнал ва хабарларни ҳар дақиқада текширмаслик тавсия этилади.

Сифатли уйқу

Фото: Marie Claire
Nature Neuroscience маълумотларига кўра, соғлом ва етарли уйқу қаришнинг олдини олади ва хотирани мустаҳкамлайди. Айнан уйқу пайтида қисқа муддатли хотирадаги маълумотлар узоқ муддатли хотирага кўчади. Талабаларга имтиҳон олдидан етарлича ухлашни тавсия қилишлари бежиз эмас.

Спорт

Фото: Marie Claire
Спорт машғулотлари ва жисмоний машқлар қон айланишини яхшилайди, натижада миядаги қон таъминоти фаоллашади ва кайфият кўтарилади, стресс даражаси пасайтади. Шунингдек, спорт когнитив қобилиятларни ва хотирани мустаҳкамлайди.

Ўтган йили АҚШнинг Бригам Янг университети тадқиқотчилари югуриш ва кучли хотира ўртасидаги боғлиқликни аниқлади. Югуриш миянинг хотира учун масъул бўлган қисмига сурункали стресснинг зарарли таъсирини камайтиришга ёрдам беради.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Барча нарсани эслаб қолишнинг 5 та самарали усули